Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Технология

Европа Иттифоқи WhatsApp ва iMessage’ни кичикроқ мессенжерлар билан ҳамкорлик қилишга мажбурламоқчи

Янги қонун турли мессенжерлар ўртасида хабар алмашиш имкониятини яратишни кўзда тутади.

Фото: «vnexplorer.com»

Европа Иттифоқининг янги қонуни WhatsApp, Facebook Messenger (Meta компаниясига тегишли) ва iMessage мессенжерларини ўзаро ҳамда бошқа кичикроқ платформалар билан ҳамкорлик қилишга мажбур қилиши мумкин. Бу ҳақда The Verge ёзмоқда.

Агар қонун қабул қилинса, Meta ва Apple ўз мессенжерларини ишлаб чиқувчилар илтимосига кўра бошқа кичикроқ хабар алмашиш платформалари билан «мослаштириши» керак бўлади.

Қайд этилишича, шу тариқа, фойдаланувчилар турли мессенжерлар ўртасида хабар алмашиш, файл жўнатиш ёки видеоқўнғироқ қилиш имкониятига эга бўлади, бу эса уларга кўпроқ танлов беради. Европа Иттифоқидаги иловаларнинг мувофиқлиги кейинроқ баҳоланади.

Қонун лойиҳаси матнига қараганда, унинг муаллифлари iPhone’даги iMessage ва Windows компьютеридаги Telegram’да хабар алмашиш имконини яратмоқчи. Агар қонун қабул қилинса, у парламент ва ЕИ Кенгаши томонидан тасдиқланганидан олти ой ўтгач кучга киради.

Бундай ҳолда, талабларга риоя қилмаган компаниялар глобал йиллик даромадининг 10 фоизи ва такрорий қоидабузарликлар учун 20 фоиз миқдорида жаримага тортилади. Бундан ташқари, Европа Комиссияси агар компаниялар тизимли равишда қоидаларни бузса, уларни бошқаларни сотиб олишни тақиқлаши мумкин.

Apple матбуот котиби Фред Сайнс компанияни хавфсизлик муаммолари истиқболи ва компанияларнинг интеллектуал мулкидан фойдаланганлик учун ҳақ ундириши тақиқланишидан хавотирда эканини айтди.

Аввалроқ Meta Европада Facebook ва Instagram’ни ёпиш билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилганди.