Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Alibaba акциялари қайта сотиб олиш дастури кучайтирилганидан сўнг 10 фоиздан кўпроқ ўсди

Ҳонконгдаги савдолар якунида компания акциялари 110,2 Ҳонконг долларини ташкил қилди.

Фото: «bitcoinethereumnews.com»

Alibaba компаниясининг қимматли қоғозлари акцияларни қайта сотиб олиш дастури 15 миллиарддан 25 миллиард долларга кўтарилгани ҳақидаги хабардан сўнг 11 фоиздан кўпроқ қимматлашди. Бу ҳақда CNBC хабар берди.

Маълум қилинишича, Ҳонконгдаги савдолар якунида Alibaba акциялари 110,2 Ҳонконг долларини ташкил қилди — бу аввалги савдолардагидан 11,2 фоизга кўп. Нью-Йоркдаги премаркетда компания акциялари нархи 9,7 фоизга ўсиб, ҳар бир акция учун 113,6 долларни ташкил қилди.

Alibaba компания директорлар кенгаши икки йил муддатга — 2024 йил мартигача амал қиладиган қайта сотиб олиш дастурини тасдиқлади.

«Алибаба акциялари нархи бизнинг кучли молиявий аҳволимиз ва кенгайиш режаларимизни ҳисобга олган ҳолда компания қийматини етарли даражада акс эттирмайди», — деди компания бош молия директори ўринбосари Тоби Сюй.

Таъкидланишича, 2020 йил охиридан Пекин Хитой технология компанияларига босим ўтказа бошлаганидан сўнг, Alibaba учинчи марта қайта сотиб олиш ҳажмини оширган. Аввалроқ компания 9,2 миллиард долларга 56,2 миллион дона Америка депозит купонини қайта сотиб олган эди.

Қайд этилишича, қайта сотиб олиш дастурининг янги ўсиши инвесторларда Хитой ҳукумати интернет соҳасидаги бизнесга босимни юмшата бошлаганига умид уйғотмоқда.

«Қайта сотиб олиш компания раҳбарияти қаерда қиймат кўришини кўрсатади ва улар тартибга солувчиларнинг ҳаракатларини қандай тушунишларини ҳам кўрсатади — эҳтимол биз якунга яқинлашяпмиз» — деди Сингапурда жойлашган United First Partners компаниясининг Осиё тадқиқотлари бўлими раҳбари Жастин Танг.

Бундан олдин Хитой раиси Си Цзиньпин ва бош вазир ўринбосари Лю Хе иқтисодиёт ҳамда бозорларни қўллаб-қувватлашга ва технология секторига босим ўтказишни «имкон қадар тезроқ» тўхтатишга ваъда берган эди.

Аввалроқ Хитой ҳукумати Alibaba’ни монополияга қарши қонунни бузгани учун жаримага тортгани хабар қилинганди. Шунингдек, Хитой фонд бозори рекорд даражадаги қулашдан сўнг 13 фоизга ўсгани ҳақида хабар берилди.