Alibaba платформасида 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистон миллий онлайн павильони ишга тушади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, электрон тижоратни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Шанхайдаги Бош консуллиги ташаббуси билан «Alibaba.com онлайн платформасида Ўзбекистон товарларини тарғиб қилиш» мавзусида онлайн тақдимот бўлиб ўтган.
Тадбир Хитойнинг Alibaba Group компанияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги вакиллари, шунингдек, мамлакатнинг 200 дан ортиқ тадбиркорлари иштирокида ўтказилган.
Хитой томони Ўзбекистон тадбиркорлари учун Alibaba.com платформасининг имкониятлари, савдо шартномалари, ҳамкорлик истиқболлари, шунингдек, Ўзбекистон миллий онлайн-павилонига уланиш жараёни ва шартлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга кенгайтирилган тақдимот ўтказган.
Маълумот ўрнида, 1999 йилда ташкил этилган ва бош қароргоҳи Ханчжоу шаҳрида (Чжэцзян вилояти) жойлашган Alibaba Group Хитойнинг интернет-тижорат соҳасида фаолият юритувчи энг йирик ИТ компанияси ҳисобланиб, Taobao.com, Tmall, Alibaba.com, AliExpress каби веб-порталларга эгалик қилади.
Компания дунёдаги энг йирик булутли ҳисоблаш инфратузилмаси, медиа ва кўнгилочар индустриядаги активлардан бирига эга. Асосий фаолияти B2B схемаси бўйича компаниялар ўртасидаги савдо операциялари ва онлайн чакана савдо cаналади.


