Хитой компанияларининг акциялари рекорд даражадаги қулашдан сўнг 16 март куни қайта ўсишни бошлади ва 2008 йилги инқироздан бери энг юқори ўсишни кўрсатди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Маълум қилинишича, Ҳонконг рўйхатига киритилган компанияларни кузатувчи Hang Seng China Enterprises индекси 13 фоизга ошди. Alibaba ва Tencent камида 24 фоизга кўтарилди.
Ўсиш «Синьхуа» давлат ахборот агентлигининг Хитой ҳукумати фонд бозори барқарорлигини ва хитойлик фирмаларнинг хориждаги акцияларининг листингини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги хабаридан кейин юз берди. Бу ҳақда агентлик Хитой Давлат кенгаши бош вазири ўринбосари Лю Хэ раислигидаги йиғилиш якунлари бўйича маълум қилди.
Шунингдек, материалда айтилишича, ҳукуматнинг Хитой иқтисодиётининг технология сектори ва интернет-компаниялари вакилларига камида 2020 йил охиридан бери давом этаётган эътиборининг кучайиши тез орада тугаши мумкин.
Шу ҳафта бошида Хитой фонд бозори 10 йилдан ортиқ вақт ичида кузатилган рекорд даражадаги қулашни бошдан кечирди. 14 март куни Ҳонконгдаги Хитой компаниялари индекси бирданига 21 фоизга, Хитой компанияларининг АҚШдаги акциялари рекорд даражада — 12 фоизга пасайди. Ўша куни Alibaba акциялари 35 фоиздан кўпроқ тушиб, 2016 йил июнидан бери энг паст даражани қайд этди.
Акцияларнинг қулаши мамлакатда коронавирус билан касалланишнинг рекорд даражада ўсиши фонида содир бўлди, бу эса айрим шаҳар ва вилоятларда янги блокировкаларга олиб келди. Инвесторларнинг хавотири ва Хитой қимматли қоғозларининг оммавий сотилишига яна бир сабаб Россия Украинага ҳарбий ҳужум фонида Хитойдан ҳарбий техника билан ёрдам сўрагани ҳақидаги маълумот эди.
АҚШ Хитойни бундай ҳаракатдан огоҳлантирди. Ўз навбатида, Москва ва Пекин ёрдам бўйича музокаралар ҳақидаги маълумотни рад этди.
«Хитой инқироз тарафдори эмас ва санкцияларга дучор бўлишни истамайди», — деди Хитой ташқи ишлар вазири Ван И.
Хитой бозорида ўсиш кузатилганига қарамай, баъзи инвесторлар инқироз ўтганини эълон қилишга шошилмаяпти ҳамда кутиш ва кузатиш позициясини эгалламоқда.
«Шахсан мен бозор дуч келаётган инқироз нафақат Хитой билан боғлиқ, балки регуляторлар ҳал қила олмайдиган глобал муаммо эканлигидан қўрқаман. Келган тинчлик — бу бўрон олдидаги хотиржамликдир», — деди Ван Мингсуан, Quant Technology Investment жамғармаси менежери.
Аввалроқ АҚШ ҳакерлари Россия ва Украинага киберҳужум қилиш учун Хитой компьютерларини бузиб киргани хабар қилинганди. Шунингдек, Хитой Россия компанияларига самолёт қисмларини етказиб беришдан бош тортгани ҳақида хабар берилди.


