Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Бозордаги ўзгарувчанлик туфайли глобал компаниялар 25 млрд долларлик битимларни рад этди

Қимматли қоғозларнинг глобал листинги 2022 йил 74 фоизга камайиши кутилмоқда.

Фото: «ТАСС»

Украинадаги уруш натижасида юзага келган бозордаги ўзгарувчанлик туфайли глобал компаниялар 25 миллиард долларлик битимларни тўхтатди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Маълумотларга кўра, дунё бўйлаб кўплаб компаниялар бозордаги ўзгарувчанлик туфайли инвестицияларни жалб қилиш бўйича келишувларни кечиктирмоқда. Айни пайтда тўхтатилган операциялар ҳажми тахминан 25 миллиард долларни ташкил этади.

Маълумотларга кўра, 80 га яқин компания шартномаларни тўхтатиб қўйган. Энг катта улуш 18 миллиард доллардан ортиқни ташкил этиб, компанияларнинг янги қарзларни жалб қилиш бўйича операцияларига тўғри келади. Кечиктирилган IPO ҳамда сотиб олиш, қўшилиш ва бошқа келишувлар ҳам сезиларли миқдорни ташкил қилади.

Масалан, Илон Маскнинг Tesla компанияси умумий суммаси 1 миллиард доллардан ортиқ бўлган облигациялар чиқаришни тўхтатди. Ҳиндистондаги Мумбай халқаро аэропорти ҳам доллар облигацияларини чиқаришдан бош тортди.

Бундан ташқари, Бразилиянинг Trocafone электроника компанияси IPO ўтказишни кейинга қолдирди. Шунингдек, Nestle, L’Oreal ва Volkswagen компанияларининг янги облигациялари таклифи ҳам яқин вақт ичида қолдирилади.

Украинага ҳарбий ҳужум бошланиши ва ундан кейин Ғарбнинг санкциялари, кейинроқ Россиянинг жавоб санкциялари ҳамда энергия нархининг ошиши инвесторлар ишончига қаттиқ зарба берди. Март ойи бошида Украинадаги воқеалар туфайли Европадаги умумий қиймати 300 миллиард долларлик транзакциялар тақдири ноаниқ бўлиб қолганди.

Қайд этилишича, 2022 йилда қимматли қоғозларнинг глобал листинги 74 фоизга, корпоратив облигациялар чиқарилиши 28 фоизга камайди.

Аввалроқ Хитой фонд бозори рекорд даражадаги қулашдан сўнг 13 фоизга ўсгани хабар қилинганди. Шунингдек, инқироз шароитида Россия NFT бозори 32 фоизга қулагани ҳақида хабар берилди.