Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Вазирлар Маҳкамасига ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича парламент сўрови юборилади

Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасига ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш бўйича парламент сўрови юборилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сенатнинг йигирма учинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилган.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда айни вақтда Facebook’да 4,7 миллион, Instagram’да 3,7 миллион, Linkedln’да 288 минг, Телеграм’да 18 миллион, Odnoklassniki’да 16,7 миллион, Twitter’да 51,6 минг ва «В-контакте»да 2,6 миллион фойдаланувчи мавжуд. Уларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда.

Қайд этилишича, кейинги вақтларда «оммавий маданият» ниқоби остида ёшларимиз онгига салбий таъсир этувчи ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, турфа йўллар билан бойлик орттиришни, миллий-маънавий маданиятга амал қилмасликни, уларни ўзгартириш ва айрим ҳолларда йўқотишни тарғиб қилувчи ҳаракатлар уюштирилмоқда.

Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар аҳолини ташвишга солмоқда.

«.uz» доменидаги веб-сайтларда миллий менталитетга ёт бўлган, фуқароларнинг, шу жумладан ёшларнинг онги, руҳияти, маънавий-маърифий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган, ахлоқсизлик, беҳаёлик, порнография, шафқатсизлик, зўравонлик, қимор ҳамда таваккалчиликка асосланган ўйинлар тарғиботига хизмат қилиши мумкин бўлган материаллар ёки бошқа веб-ресурсларга ҳаволалар жойлаштириш (фойдаланувчилар томонидан) кузатилмоқда.

Таъкидланишича, биргина 2021 йилнинг декабрь ҳолатига кўра миллий домен ҳудудидаги 289 та веб-сайтда порнография, 91 та веб-сайтда эса беҳаёлик ва маънавий бузуқликка тарғиб қилувчи ҳолатлар аниқланган бўлиб, 2097 та қонун бузилиши ҳолати қайд этилган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида маънавий бузуқликни тарғиб қилувчи 130 га яқин гуруҳ, саҳифа ва каналлар мавжудлиги аниқланган, уларда 2646 та материал (фото, видео, матнли ва бошқалар) тарқатилган.

Бундан ташқари, маданият соҳасида кечаётган воқеалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, бадиий фильм, реклама (жумладан, кўчалардаги баннерлар), мусиқа ва клипларда фақат пул, бойлик ҳамда маънавиятсизлик тарғиботи мавжуд. Айрим ҳолларда мутлақо миллий маънавиятимизга зид кўринишлар, саҳналар намойиш этилмоқда.

Шу боис ўқувчи ёшларнинг онгига зарар етказиши мумкин бўлган ахлоқсизликни тарғиб қилувчи контентлар, диний адоватни қўзғатувчи, таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, тотализаторлар, оилавий қадриятларни инкор этадиган ҳамда жамиятда бузғунчилик ғояларини тарғиб этадиган веб-ресурсларга қарши курашиш биргаликдаги устувор вазифа эканлиги таъкидланган.

Мажлисда сенаторлар Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёшлар ва вояга етмаганлар учун миллий контентни ривожлантириш, уларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда энг оммалашган ижтимоий тармоқ номи маълум бўлганди.