Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Парламентлараро Иттифоқ президенти 2022 йилда Ўзбекистонга ташриф буюради

Дуарте Пачеко Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Жаҳон аёл-спикерларининг форумида қатнашади

Фото: Сенат матбуот хизмати

Парламентлараро Иттифоқ президенти Дуарте Пачеко 2022 йили Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятини билдирди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Сенат Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон Олий Мажлиси делегациясининг 30 ноябрь куни Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган Парламентлараро Иттифоқ 143-Ассамблеяси ишидаги иштироки доирасида ПИ президенти Дуарте Пачеко билан учрашув бўлиб ўтган.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, кўпгина ривожланган мамлакатларда ёшлар парламентда кўпи билан 3 фоиз даражасида. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич икки баравар юқори. Шу билан бирга ПИ Ўзбекистоннинг мамлакат қонун чиқарувчи органида ёшлар сонини кўпайтириш ниятини олқишлаши айтилган. Иттифоқнинг «Ёш парламентга ‘ҳа’ деб айт» акциясини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган.

Таъкидланишича, Ўзбекистон парламенти аъзолари умумий сонининг 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши жаҳондаги энг яхши кўрсаткичлардан ҳисобланди. Сўнгги йилларда гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий баҳога лойиқдир.

Шу муносабат билан Дуарте Пачеко 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган навбатдаги Жаҳон аёл-спикерларининг форуми юксак савияда ташкил этилишига ишонч билдирган. У 2022 йилда Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятини изҳор этган.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва ПИ ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан келишувга эришган.

Аввалроқ Сертификатланган дипломли бухгалтерлар халқаро ассоциацияси вакиллари Ўзбекистонга келиши хабар қилинганди.