Бухоро шаҳрида ахборот коммуникация-технологияларини янада ривожлантириш, шу жумладан дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бозорини қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 октябрь куни «Buxoro IT-EXPO — 2021» кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, кўргазмада Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Ахмедов, IT соҳаси мутахассислари, рақамли технологиялар ўқув марказлари ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган.
Қайд этилишича, тадбирда сўз олган Ботир Зарипов Ўзбекистонда, хусусан, вилоятда ушбу соҳа ривожига қаратилаётган эътиборга алоҳида тўхталиб, бунинг натижаси ўлароқ ёшлар бир қатор самарали лойиҳаларни амалга ошираётганини айтиб ўтган. Шунингдек, Monday Labs корхонаси томонидан амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш соҳасида «Лаборатория жараёнини автоматлаштириш» ҳамда «Аму Бухоро» ирригация тизимлари сув ҳавза бошқармасида «Сув ҳавзаларини тизимлаштириш» каби ахборот тизимлари жорий этилаётгани қўшимча қилинган.

Таъкидланишича, «Buxoro IT-EXPO — 2021» кўргазмаси доирасида нафақат хусусий ва қўшма корхоналар, балки, хорижий компанияларнинг ҳам маҳсулот ва технологиялари намойиш этилган. Кўргазмага ташриф буюрувчилар замонавий телекоммуникация қурилмалари, веб-дастурлар, веб-сайтлар, веб-сервислар ва мобил дастурлар билан танишиш имконига эга бўлган.
Хабарга кўра, кўргазма нафақат соҳадаги сўнги янгилик ва ишланмалар намойиши, балки ишлаб чиқарувчилар учун ўзаро тажриба алмашиш ва малака оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этган.
Аввалроқ Қозоғистонлик блогер Ўзбекистон қанчалик тез ривожланаётгани акс этган видео тайёрлагани хабар қилинганди. Шунингдек, Uzcard подкастерлар учун бизнес-инкубатор ишга тушириши маълум бўлганди.


