«Темирйўлэкспресс» АЖ акциядорларининг 20 ноябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши олтита «Афросиёб» тезюрар электропоездида R турдаги таъмирлаш ишларини бажариш учун Испаниянинг Patentes Talgo компанияси билан шартнома тузишга розилик берди. Бу ҳақда жамият корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилди.
Йиғилишда таъмир учун зарур асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмларни Talgo’дан тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилиш ҳам маъқулланди. Харид рўйхати 28 позициядан иборат. Бош директор Дилшод Хожиакбаровга позицияларнинг техник тавсифи, нархи, етказиб бериш графиги, молиялаштириш манбалари ва харид тартиби қонунийлигини текшириш ҳамда шартноманинг иқтисодий асосланганлигини таъминлаш топширилди.
Таъмир шартномасида йиллик индексация ҳар бир поезд таъмирланадиган йилдан келиб чиқиб алоҳида ҳисобланиши, шунингдек, солиқ ва божхона тўловлари бўйича музокараларда келишилган шартлар аниқ акс эттирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, жамият ва Talgo ўртасида 2025 йил 12 декабрда тузилган техник хизмат шартномасига қўшимча келишув маъқулланди. Унга кўра, 2026 йил учун техник хизмат нархлари 3,39 фоизга индексация қилиниб, 1 январдан қўлланади. Бу ҚҚС билан тахминан 293,4 минг евро қўшимча харажатга олиб келади. Якуний ҳисоб-китоб поездларнинг амалда босиб ўтган масофасига қараб аниқланади.
Таъмир ва эҳтиёт қисмлар шартномаларининг қиймати ва муддати маълум қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил январида Talgo «Ўзбекистон темир йўллари» билан олтита Talgo 250 («Афросиёб») поездига 10 йил давомида техник хизмат кўрсатиш бўйича қарийб 80 млн евролик шартнома тузганини эълон қилганди. Компания уни Ўзбекистондаги энг йирик техник хизмат шартномаси деб атаганди. «Афросиёб» поездларининг дастлабки иккитаси 2011 йилда, кейинги иккитаси 2017 йилда, яна иккитаси 2021 йилда ишга туширилган.


