Ижтимоий тармоқларда қишда метан шохобчалари фаолиятига чеклов киритилиши ҳақида тарқалаётган тасдиқланмаган хабарлар биржада бензин нархига таъсир қилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ маълум қилди.
Компанияга кўра, айрим хусусий ёқилғи қуйиш шохобчалари бензин танқис бўлиб қолишидан хавотирланиб, олдиндан кўпроқ маҳсулот харид қилиш ва заҳира тўплашга ҳаракат қилмоқда. Бу биржада харидорлар сони ва талабни, ўз навбатида, нархларни ҳам оширмоқда.
19 ноябрда биржада АИ-92 K2-L бензини тоннаси 15,25 млн сўмга етиб, янги рекорд қайд этди. 6 ноябрда у 13,68 млн сўм бўлганди. «Ўзбекнефтгаз» эса биржага чиқараётган бензиннинг бошланғич нархи апрелдан буён ўзгармай, тоннаси учун 14 млн сўмни ташкил этаётганини маълум қилди.
Компания маълумотига кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва нефть базаларида 102 минг тонна бензин заҳираси бор. Бу ўтган йилнинг шу давридагидан 25 минг тонна кўп бўлиб, икки ойлик истеъмолни қоплайди. Ҳозир компания биржага кунига 4,6 минг тонна бензин чиқармоқда, 2025 йилда бу кўрсаткич ўртача 2,2 минг тонна бўлган. Метан шохобчаларига чеклов киритилиб, талаб ошса, кунлик ҳажм 8–10 минг тоннагача оширилиши мумкин.
Шу билан бирга, хусусий импортчилар олиб келаётган бензин ҳажми июндан бошлаб кескин камайган. Октябрда импорт ҳисобига ички бозорга атиги 5,5 минг тонна бензин келган. «Ўзбекнефтгаз» тайёр бензин импорт қилишга ҳам тайёргарлик кўраётганини маълум қилди.
Россия 1 апрелдан бензин экспортини тўлиқ тақиқлаган ва бу тақиқ 2027 йил январи охиригача узайтирилган. Энергетика вазирлиги тақиқ Ўзбекистонга давлатлараро етказиб беришларга тааллуқли эмаслигини маълум қилганди.


