«Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ (Навоий ИЭС) кузатув кенгаши таркиби ўзгартирилди. Жамиятнинг ягона акциядори 18 ноябрда Давлат активларини бошқариш агентлигининг 17 ноябрдаги кўрсатмаси асосида кенгашнинг тўрт аъзоси ваколатларини муддатидан олдин тугатди. Бу ҳақда компания корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилди.
Кенгашдан унинг раиси Фарҳод Абдураҳмонов, энергетика вазири Шерзод Ҳожаев, Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқарма бошлиғи Музаффар Астонақулов ва «Ўзэнергоинжиниринг» АЖ техник директори Улуғбек Расулов чиқарилди.
Янги кенгаш уч йил муддатга қуйидаги таркибда сайланди:
- Баҳодир Жўраев — «Иссиқлик электр станциялари» АЖ бошқарув раиси;
- Саидатҳам Анваров — Энергетика вазирлиги бўлим бошлиғи;
- Фарида Абдувалиева — Давлат активларини бошқариш агентлиги бош мутахассиси;
- Шаҳрух Қорабоев — «Smart Integrity ME» МЧЖ директори ўринбосари;
- Баҳтиёр Усмонов — «Smart Integrity ME» МЧЖ бош мутахассиси.
Қарорда ўзгаришлар жамиятнинг корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш ва операцион самарадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилгани айтилган. «Smart Integrity ME» қандай компания экани ва унинг ходимлари кенгашга қандай асосда киритилгани маълум қилинмаган.
Август ойида Навоий ИЭС 2025 йил якунлари бўйича ҳар бир акцияга 72,93 сўмдан, жами қарийб 188 млрд сўм дивиденд тўлашга қарор қилганди.


