Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21ноябр · Шанба
USD 12 004,48 ▲ +32,84 EUR 13 155,71 ▼ −4,71 RUB 146,56 ▲ +0,23 GBP 15 721,07 ▼ −27,62
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Давр банк номи расман «ABB Davr Bank»га ўзгартирилди

Озарбайжон Халқаро банки (ABB) назорат пакетини сотиб олган «Давр банк» номи 18 ноябрда расман «ABB Davr Bank» АЖ деб ўзгартирилди. Банк кузатув кенгаши тўлиқ янгиланди, бошқарувга ABB вакиллари киритилди.

Бино устунлари
Иллюстратив фото. Фото: Iro Klg / Unsplash

«Давр банк» хусусий акциядорлик тижорат банкининг номи «ABB Davr Bank» акциядорлик жамияти деб ўзгартирилди. Янги ном 18 ноябрда банк уставида рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда банк корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилди.

Номни ўзгартириш тўғрисидаги қарор 9 октябрда ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишда қабул қилинганди. Қарорга кўра, банк фаолиятида «ABB Davr» тижорат белгисидан фойдаланади. «ABB» элементидан фойдалангани учун Озарбайжон Халқаро банки ёки унинг аффилланган шахсларига ҳақ тўланмайди.

Порталдаги маълумотга кўра, банк акцияларининг 51 фоизи Озарбайжон Халқаро банкига, 25,5 фоизи эса Лутфулла Убаевга тегишли. Убаев илгари банк кузатув кенгаши раиси бўлган.

Ўша йиғилишда кузатув кенгашининг барча аъзолари ваколатлари муддатидан олдин тугатилиб, янги таркиб уч йил муддатга сайланди. Унга Озарбайжон Халқаро банки бошқаруви раиси ўринбосарлари Талех Тоҳирли ва Агшин Амиров, шунингдек, учта мустақил аъзо киритилди. Мустақил аъзолар: «Атешгоҳ Ҳаёт» суғурта компанияси вакили Шафақ Ҳасанова, «Civitta» МЧЖ ассоциатив ҳамкори Саид Абдунабиев ва «Telecom Cloud» МЧЖ бош директори Фарҳод Розиев.

Банк бошқарувига ҳам Озарбайжон Халқаро банкининг икки вакили — Гейбат Гадиров ва Айнур Сулейманли раис ўринбосари этиб тайинланди. Бошқарувни аввалгидек Абдумажид Самадов бошқаради. Йиғилишда банкнинг дивиденд сиёсати ҳам тасдиқланди.

Озарбайжон Халқаро банки Давр банк акцияларининг 51 фоизини сотиб олгани сентябрда маълум бўлганди.