Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 19ноябр · Пайшанба
USD 11 980,36 ▼ −30,09 EUR 13 134,07 ▼ −66,62 RUB 145,62 ▼ −0,02 GBP 15 763,76 ▼ −79,22
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

ATTO кузатув кенгаши муддатидан олдин алмаштирилди. Янги таркибга Транспорт вазирлиги вакили кирди

Жамоат транспортида йўл ҳақи тўлов тизимини юритувчи ATTO акциядорлари кузатув кенгаши ваколатларини муддатидан олдин тугатиб, янги таркибни сайлади. Унга Транспорт вазирлиги департаменти бошлиғи Умиджон Иминов киритилди.

Тошкент автобусидаги ATTO валидатори
Фото: Теплый / Wikimedia Commons, CC0

«Avtomatlashtirilgan transport to’lov tizimi operatori» АЖ (ATTO) акциядорлари 18 ноябрда ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишда кузатув кенгаши ваколатларини муддатидан олдин тугатди ва янги таркибни уч йил муддатга сайлади. Бу ҳақда компания корпоратив ахборот ягона порталида маълум қилди.

ATTO жамоат транспортида транспорт ва банк карталари орқали йўл ҳақи тўлаш тизимини юритади.

Кенгашнинг янги таркиби:

  • Умиджон Иминов — Транспорт вазирлиги автомобиль ва жамоат транспорти департаменти бошлиғи;
  • Тимур Азадов — компания акциядори (акцияларнинг қарийб 10 фоизи);
  • Камрон Акбаров — «Persobyuro Markazi» МЧЖ директори ўринбосари;
  • Жасур Турсунбаев — «IMC-Capital» ХК МЧЖ молиявий менежери;
  • Джаҳонгир Зарипов — «T-Y-Z Group» МЧЖ бош директори.

Кенгашдан Акбар Акилов, Азиз Юсупов ва Тимур Мирзаев чиқди. Порталдаги маълумотга кўра, Акилов компания акцияларининг қарийб 19 фоизига эга.

Йиғилишда компаниянинг янги таҳрирдаги устави ва кузатув кенгаши тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди. Кенгаш таркиби нима сабабдан ўзгартирилгани кўрсатилмаган. Барча қарорлар акциядорларнинг 100 фоиз овози билан қабул қилинган.

Компания 2026 йилда акциядорларга уч марта дивиденд тўлашни тасдиқлаган: апрелда ҳар бир акцияга 127,70 сўм, июнда 156,50 сўм ва августда 115,55 сўм. 30 октябрда кузатув кенгаши яна 142,40 сўмдан тўлашни тавсия қилган. 2025 йилда компания бир марта, ҳар бир акцияга 254,50 сўмдан дивиденд тўлаганди.