Ўзбекистонда 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида жисмоний шахсларга жами 23,6 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.
Маълум қилинишича, ипотека кредитларининг асосий қисми бирламчи уй-жой бозорига йўналтирилган. Хусусан, ушбу сегментда 17,4 триллион сўмлик кредитлар ажратилган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизга кўп.
Иккиламчи уй-жой бозорида эса 6,2 триллион сўмлик ипотека кредитлари берилган. Мазкур кўрсаткич бир йил аввалгига нисбатан 33 фоизга ошган.
Аёлларга ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 67 фоизга ошди. Ҳисобот даврида эркакларга 12,2 триллион сўмлик, аёлларга эса 11,4 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган.
Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эркакларга берилган кредитлар ҳажми 20,9 фоизга, аёлларга ажратилган кредитлар эса 67 фоизга кўпайган.
Шунингдек, ёшларга жами 7,2 триллион сўмлик 22,3 мингта ипотека кредити ажратилган. Кредитлар сони ўтган йилга нисбатан 36,5 фоизга, умумий суммаси эса 42,9 фоизга ошган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь—август ойларида 59,2 минг нафар фуқарога 18,3 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилгани хабар қилинганди.
Ўша даврда кредитларнинг 74 фоизи бирламчи уй-жой бозорига тўғри келган. Ипотека олувчилар орасида 31–50 ёшдаги фуқаролар кўпчиликни ташкил этган.
Маълумот учун, 2025 йил давомида Ўзбекистонда жами 21,2 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилган эди. Яъни жорий йилнинг 10 ойидаги кўрсаткич ўтган йилнинг умумий ҳажмидан ошди.


