Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманида қурилиш материаллари саноати ва туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан инвестор ҳамда тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида йирик стратегик лойиҳаларни маҳаллий қурилиш материаллари билан таъминлаш бўйича янги вазифаларни белгилаб берди.
Жиззах вилоятидаги атом электр станцияси қурилишида 2 миллиард 200 миллион долларлик қурилиш материаллари ишлатилиши кўзда тутилган. Шу боис, Эгизбулоқ маҳалласидаги 200 гектар майдонда алоҳида солиқ ва божхона режимига эга махсус саноат зонаси ташкил этилади.
Бу ерда станция қурилиши учун зарур 70 турдаги янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди. Шунингдек, импорт ўрнини босувчи ва мегалойиҳаларда қўлланиладиган маҳсулотлар бўйича талабни таҳлил қилиб, 20 миллиард долларлик лойиҳаларнинг тармоқ жадвалини тасдиқлаш топширилди.
Келаси йилдан юқори қўшилган қийматли янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари учун икки йиллик имтиёзли давр билан йиллик 6 фоиз ставкада 200 миллион доллар ресурс ажратилади.
Корхоналарда энергия тежовчи ускуналар харид қилиш харажатларининг 10 фоизини, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмаган қисмини қоплаб бериш механизми ҳам жорий қилинади.


