Муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун тақдимномани энди Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштириш мумкин.
Хизматдан ташкилот ёки якка тартибдаги тадбиркор фаолияти тугатилгани, ходимлар сони ёки штати қисқаргани сабабли ишдан бўшатилган фуқаролар фойдаланиши мумкин. Хизмат my.gov.uz орқали бепул кўрсатилади.
Муддатидан олдин пенсияга 58 ёшдан 60 ёшгача бўлган, камида 25 йиллик меҳнат стажига эга эркаклар ҳамда 53 ёшдан 55 ёшгача бўлган, камида 20 йиллик стажга эга аёллар чиқиши мумкин.
Ариза бериш учун меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ нусхаси керак бўлади. Меҳнат стажи маълумотлари тўлиқ рақамлаштирилмаган бўлса, меҳнат дафтарчаси нусхаси ҳам талаб қилинади.
Ариза 2 иш куни ичида кўриб чиқилади. Иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган фуқаро мақбул иш таклифини олиш учун 10 кун ичида бандлик бўлимига бориши керак.
Меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 3 ой ичида мақбул иш топиб берилмаса, фуқаро ишсиз деб эътироф этилади. Шундан сўнг тақдимнома расмийлаштирилиб, пенсия тайинлаш учун Пенсия жамғармасига электрон шаклда юборилади.
Хизматдан ҳавола орқали фойдаланиш мумкин.
Вазирлар Маҳкамаси сентябрь ойи охирида ишдан бўшатилганда муддатидан олдин пенсияга чиқиш тартибини тасдиқлади. Шунингдек, қарорда меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин уч ой ичида собиқ иш берувчи томонидан ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш назарда тутилган.


