Ўзбекистонда 14 та банк таълим кредитларини ажратмоқда. Уларнинг аксарияти кредитларни давлат дастури доирасида, йиллик 14 фоиз ставкада тақдим этади. Фақат бешта банк бундай кредитларни ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштиради.
Кредитдан Ўзбекистон фуқаролари ҳамда мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари фойдаланиши мумкин. Уни бакалавриат ёки магистратурада кундузги, кечки ва масофавий таълим учун расмийлаштириш мумкин. Айрим банклар суперконтракт тўловини ҳам кредит ҳисобидан қоплаш имконини беради.
Кредит фақат ўқиш учун тўловни амалга оширишга мўлжалланган. Шу сабабли маблағни нақд пул шаклида ёки шахсий банк картасига ўтказиб олиш мумкин эмас. Банк пулни тўғридан-тўғри олий таълим муассасаси ҳисоб рақамига ўтказади.
Кредит олиш учун олий таълим муассасаси билан тузилган амалдаги контракт ва кредит таъминоти — кафиллик, мол-мулк гарови ёки суғурта талаб этилади. Айрим қарз олувчилар учун истиснолар мавжуд. Масалан, Ягона ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилалардаги аёллардан кафиллик ёки гаров талаб қилинмайди.
Банкка мурожаат қилишдан олдин қуйидаги ҳужжатлар керак бўлади:
- кредит олиш учун ариза;
- паспорт ёки ID-карта;
- таълим муассасаси билан тузилган шартнома (контракт);
- кредит таъминотини тасдиқловчи ҳужжатлар;
- агар кафил иштирок этса, унинг ҳужжатлари.



