Марказий банк 2026 йил II чораги учун «Кўчмас мулк бозори таҳлилиˮни эълон қилди. Шарҳда иқтисодий фаоллик, аҳоли даромадлари ва ипотека кредитлари уй-жойга бўлган талабни қўллаб-қувватлагани, қурилиш ишлари ва турар-жойга йўналтирилган инвестициялар эса таклифнинг кенгайишига хизмат қилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, 2026 йил 1 апрелдан эскроу тизими жорий этилиши арафасида битимларнинг бир қисми март ойида олдиндан расмийлаштирилгани сабабли апрель–май ойларида вақтинчалик пасайиш кузатилиб, июнь ойида бозор фаоллиги қайта тикланди. Кўчмас мулк бозорида II чорак давомида олди-сотди битимлари сони 74,4 мингтани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли ўзгармади (+0,1 фоиз).
Битимлар сонининг энг юқори ўсиши Хоразм вилоятида 17,8 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Навоий ва Сирдарё вилоятларида қарийб 7,5 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 6,1 фоизга ўсиш кузатилди. Тошкент шаҳрида битимлар сони 2 фоизга ошди. Бозор фаоллиги юқори иқтисодий фаоллик, аҳоли даромадларининг ўсиши ва ипотека кредитлари ҳажмининг кенгайиши билан қўллаб-қувватланди. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида иқтисодиёт 8,5 фоизга ўсди, аҳолининг умумий реал даромадлари 9,2 фоизга, аҳоли жон бошига реал даромадлари эса 7,3 фоизга ошди. II чоракда ажратилган ипотека кредитлари ҳажми 7,4 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликда ипотека кредитлари ҳажми 13,1 трлн сўмга етди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида қурилиш секторидаги юқори фаоллик турар-жой биноларининг фойдаланишга топширилишида ҳам акс этди. Хусусан, январь–июнь ойларида 7,7 млн квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ошди. II чоракнинг ўзида фойдаланишга топширилган уй-жойлар майдони 7,7 фоизга кўпайди.
Шу билан бирга, бажарилган қурилиш ишлари 13,8 фоизга ўсди ва турар-жой қурилишига 27,3 трлн сўм инвестиция йўналтирилди. Нархлар динамикаси ўсувчи, бироқ мўътадил шаклланди. 2026 йил июнь ҳолатига бирламчи уй-жой бозорида хонадонлар нархи сўм ҳисобида 6,2 фоизга, АҚШ доллари ҳисобида 12 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда нархлар мос равишда 6,3 фоиз ва 12,2 фоизга қимматлашди. Нархларнинг Тошкент шаҳрига нисбатан бошқа ҳудудларда тезроқ ўсиши пастроқ нарх базаси, маҳаллий талаб, даромадлар ҳамда қурилиш ва инвестицион фаолликнинг кенгайиши билан изоҳланади.
Ижара бозорида талаб юқори даражада сақланиб қолди. Республика бўйича ижара нархлари июнь ойида йиллик ҳисобда сўмда 7,1 фоизга, долларда эса 13 фоизга ошди. Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача таклиф нархи бир квадрат метр учун ойига 9,5 доллар ёки қарийб 114 минг сўмни ташкил этди. Бу сўмда 5,8 фоизлик, долларда эса 11,6 фоизлик йиллик ўсишни англатади.
Ер участкалари сегментида Тошкент шаҳрида ер нархларининг йиллик пасайиши давом этди. Хусусан, июнь ойида 100 квадрат метр ер участкасининг ўртача таклиф нархи қарийб 292 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 9 фоизга паст бўлди. Бироқ, май ойидаги пасайишдан сўнг июнь ойида ер нархлари ойлик ҳисобда 2,6 фоизга қисман тикланди.
Умуман олганда, 2026 йил II чораги маълумотлари кўчмас мулк бозорида талаб ва таклиф бир вақтда кенгаяётганини кўрсатмоқда. Ипотека кредитлари, аҳоли даромадлари ва юқори қурилиш фаоллиги бозорни қўллаб-қувватлади. Апрель–май ойларидаги фаолликнинг пасайиши асосан эскроу тизимига ўтиш билан боғлиқ вақтинчалик омиллар ҳисобига юзага келган бўлиб, июнь ойида бозор фаоллиги қайта тикланди.


