Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилаётган инфляция даражаси октябрь ойида 10,2 фоизга етди. Бу сентябрдаги кўрсаткичдан 1 фоиз бандга юқори. Сентябрда энг паст даражага тушган мазкур кўрсаткич яна ўсишни бошлади. Бу ҳақда Марказий банкнинг 3500 нафар респондент иштирокида ўтказган сўрови натижаларида кўрсатиб ўтилган.
Сўровда қатнашганлар сўнгги 12 ойда нархлар қанчага ошганини ўз кузатувлари асосида баҳолаган. Жавобларнинг медиана кўрсаткичи ҳам ўсиб, 9 фоизга етган. Сезилаётган инфляция аҳолининг шахсий баҳосини акс эттиради ва расмий инфляция кўрсаткичидан фарқ қилиши мумкин.
Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри 12,1 фоиз билан биринчи ўринда қолмоқда. Кейинги ўринларни Сурхондарё вилояти (11,4 фоиз) ва Хоразм вилояти (11,2 фоиз) эгаллаган. Энг паст кўрсаткичлар Қорақалпоғистонда (8,5 фоиз), Навоий (9,1 фоиз) ва Тошкент вилоятларида (9,5 фоиз) қайд этилган.
Даромадлар бўйича таҳлилда ойига 20–30 млн сўм оладиган фуқаролар инфляцияни 14 фоиз, 30 млн сўмдан кўп даромад топадиганлар 13,1 фоиз, 15–20 млн сўм даромадга эгалар эса 12,6 фоиз даражасида баҳолаган.
Шу билан бирга, кам даромадли аҳоли орасида нархлар ошиши сезиларли кучайган. Ойлик даромади 2 млн сўмдан кам фуқароларнинг баҳоси сентябрдаги 7,7 фоиздан 9,5 фоизга, 2–4 млн сўм даромад оладиганларники эса 8,7 фоиздан 9,6 фоизга кўтарилган.
Сўров иштирокчилари энг кўп гўшт ва сут маҳсулотлари (52 фоиз), бензин ва бошқа ёнилғилар (47 фоиз), электр энергияси ҳамда табиий газ (38 фоиз) қимматлашганини билдирган.
Соҳалар кесимида инфляцияни энг юқори баҳолаганлар ахборот технологиялари (11,1 фоиз), савдо (11 фоиз), қурилиш ва маиший хизматлар (10,7 фоиз) вакиллари бўлган. Энг паст баҳолар умумий овқатланиш (8,6 фоиз) ва туризм (8,8 фоиз) соҳаларида қайд этилган.


