Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 19ноябр · Пайшанба
USD 11 980,36 ▼ −30,09 EUR 13 134,07 ▼ −66,62 RUB 145,62 ▼ −0,02 GBP 15 763,76 ▼ −79,22
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда АИ-92 бензини биржада яна қимматлашди

Биржада бензини нархи бир тонна учун 13,54 млн сўмни ташкил этди. Аввалги икки ҳафта давомида ҳам оддий АИ-92 бензини нархида сезиларли тебранишлар кузатилди.

Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида АИ-92 маркали автомобиль бензинининг нархи яна ошмоқда.

17 ноябрь куни АИ-92 бензини нархи бир тонна учун 13,54 млн сўмни ташкил этди. Бу бир кун аввалгига нисбатан 7,1% га кўп. АИ-92 K2 ва K2-L маркали бензинлар бундан ҳам қимматроқ — мос равишда 14,73 млн сўм ва 14,64 млн сўмдан сотилди.

Шу билан бирга, биржадаги таклифнинг асосий қисми нисбатан қиммат бўлган K2-L маркали бензинга тўғри келди. Унинг ҳажми 4274 тоннани, оддий АИ-92 бензини таклифи эса 152,7 тоннани ташкил этди.

Аввалги икки ҳафта давомида оддий АИ-92 бензини нархида сезиларли тебранишлар кузатилди. Унинг қиймати бир тонна учун 12,35 млн сўмгача пасайган бўлса, кейинги куннинг ўзида 15,5 млн сўмгача кўтарилиши мумкин эди.

K2 ва K2-L маркали бензинлар нархида эса тебранишлар анча кам бўлди. Ҳозирда биржадаги ёқилғи савдосининг асосий қисми тўғри келаётган K2-L бензини 6 ноябрь куни бир тоннаси 13,68 млн сўмгача арзонлашди. Бироқ шундан сўнг унинг нархи барқарор равишда ўсиб борди.

Июнь ойи охирида бензиннинг улгуржи нархлари биринчи марта бир тонна учун 14 млн сўмга яқинлашган эди. Бироқ июль ўрталарига келиб, нархлар маълум муддатга 13,1−13,2 млн сўмгача тушди. Август ўрталаридан бошлаб биржа котировкалари 13,3 млн сўм атрофида ўзгариб турди, центабр бошида эса қисқа муддатга пасайди.

Сентябрь ўрталаридан бошлаб оддий бензин нархида кескин тебранишлар бошланди. Айрим кунларда бир тонна бензин нархи 15 млн сўмдан ошган бўлса, шундан кейин яна кескин пасайган. Бироқ октабр ойининг катта қисмида бир тонна бензин нархи 14 млн сўмдан юқори даражада сақланиб қолди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, октябрь ойида бензин нархи ўртача 1% га ошган. Йиллик ҳисобда эса ёқилғи 19,5% га қимматлашган. Хусусан, АИ-92 бензини бир литрининг нархи 0,5% га, АИ-95 бензини 2,6% га, АИ-98 ва АИ-100 маркали бензинлар эса 5,3% га ошган.