Адлия вазирлиги «Ўзбекистон Республикасида банклар томонидан нақд пул муомаласига доир ишларни ташкил этиш тўғрисидаги йўриқнома»ни давлат рўйхатидан ўтказди.
Йўриқнома банкларни нақд пул билан таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига нақд пул бериш, банкнот ва тангаларни муомалага чиқариш, шунингдек, банклар ўртасида нақд пулларни тақсимлаш тартибини белгилайди.
Банклар нақд пулни электрон тизим орқали тақсимлайди
Янги тартибга мувофиқ, банклар ўртасида нақд пул тақсимоти электрон шаклда ташкил этилади.
Бунинг учун «Нақд пулларнинг электрон майдони» дастурий мажмуасидан фойдаланилади.
Ушбу тизим орқали ортиқча нақд пулга эга банклар бошқа банкларга маблағ таклиф қилади. Нақд пулга эҳтиёжи бўлган банклар эса электрон талабнома юборади.
Нақд пуллар банклар ўртасида инкассация хизмати орқали етказиб берилади.
Нақд пулга бўлган эҳтиёж олдиндан режалаштирилади
Йўриқномага кўра, банклар ҳар ойда нақд пул кирими ва чиқими бўйича прогноз тайёрлаши шарт.
Ушбу прогнозлар тегишли ой бошланишидан камида 3 банк иш куни олдин электрон шаклда тақдим этилади.
Бу тартиб банк тизимида нақд пулга бўлган эҳтиёжни олдиндан аниқлаш ва маблағларни тақсимлаш жараёнини режалаштиришга хизмат қилади.
Банкнот ва тангаларга қўйиладиган талаблар белгиланди
Янги йўриқномада муомалага чиқариладиган пул белгиларига қўйиладиган талаблар ҳам назарда тутилган.
Унга кўра, банкнот ва тангаларда қуйидаги элементлар бўлиши шарт:
- Пулнинг рақамларда ифодаланган номинал қиймати;
- Пул белгиларини бир-биридан осон фарқлаш имконини берувчи ўлчам ва ранглар;
- Марказий банкнинг номи;
- Пул белгиси дизайни ва намунаси тасдиқланган йил;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ёки Давлат байроғи тасвири;
- Қалбакилаштиришдан ҳимояловчи элементлар.
Мазкур йўриқнома банкларнинг нақд пул муомаласига оид фаолиятини тартибга солиш, банклар ўртасида маблағ тақсимотини электронлаштириш ва нақд пулга бўлган эҳтиёжни олдиндан режалаштиришга қаратилган.


