Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилиб, Сенатга юборди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳаси капитал бозори воситалари турларини кенгайтиришни назарда тутади. Жумладан, ҳосилавий молиявий воситалар, қопланган облигациялар, секюритизация, сукук ва барқарор ривожланиш облигацияларини чиқариш ва уларнинг бозордаги муомаласини тартибга солувчи қоидалар белгиланмоқда.
Лойиҳада капитал бозорида клиринг ва кастодиал хизматлар кўрсатиш тартиби ҳамда уларга қўйиладиган талаблар ҳам белгиланган.
Бундан ташқари, ҳужжат капитал бозори инфратузилмаси ва профессионал иштирокчилар фаолиятини такомиллаштириш, ахборотни ошкор қилиш тартибини кучайтириш ҳамда тартибга солиш ва назорат тизимини халқаро стандартларга мослаштиришни назарда тутади.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бозорда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда корхоналарнинг узоқ муддатли маблағ жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Қонунчилик палатаси 28 июль куни “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганди. Ҳужжатнинг асосий мақсади Ўзбекистонда капитал бозорини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ҳамда замонавий молиявий воситалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.


