2026 йил октябрь якунларига кўра, Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилаётган инфляция 10,2 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан ошган. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Фаолият йўналишлари кесимида энг юқори сезилаётган инфляция ахборот технологиялари ва оммавий ахборот воситалари соҳасида қайд этилиб, 11,1 фоизни ташкил этди. Энг паст кўрсаткич эса умумий овқатланиш соҳасида — 8,6 фоиз бўлган.
Ҳудудлар орасида Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда. Пойтахтда аҳоли сезаётган инфляция 12,1 фоизга етган. Энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистонда қайд этилиб, 8,5 фоизни ташкил қилган.
Ойлик даромади 7 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли орасида сезилаётган инфляция даражаси нисбатан юқори бўлган.
Сўров иштирокчилари нархлар ошишининг асосий омиллари сифатида гўшт ва сут маҳсулотлари қимматлашганини кўрсатган. Респондентларнинг 52 фоизи ушбу маҳсулотлар нархи ошганини қайд этган.
Шунингдек, сўров қатнашчиларининг 47 фоизи бензин ва бошқа ёқилғи турлари, 38 фоизи электр энергияси ва табиий газ нархлари кўтарилганини билдирган.
Бундан ташқари, респондентларнинг 24 фоизи йўл ҳақи ва транспорт хизматлари, 22 фоизи эса умумий овқатланиш хизматлари қимматлашганини таъкидлаган.


