Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 18ноябр · Чоршанба
USD 12 023,61 ▲ +9,24 EUR 13 236,79 ▼ −43,89 RUB 145,54 ▼ −0,65 GBP 15 865,15 ▼ −34,67
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда ипотекани асосан бюджет эмас, банклар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилмоқда

Уч йил ичида ипотека кредитларини молиялаштиришда банклар ва ипотека компаниясининг улушини 43 фоиздан 60 фоизгача ошириш кўзда тутилган. Президент бу бюджет маблағидан камида 12 трлн сўмни тежаш имконини беришини баҳолаган.

Ўзбекистонда уч йил ичида ипотека кредитларини молиялаштиришда банклар ва Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг улушини 43 фоиздан 60 фоизгача ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь куни 2027 йилги давлат бюджети лойиҳаси ва асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга бағишланган йиғилишда айтди.

«Ипотека бозори иқтисодий ўсишимизнинг асосий драйверларидан бирига айланди. Энди бюджетга тушадиган юкни камайтирган ҳолда уч йил ичида банклар ва ипотека компаниясининг бу бозордаги улушини ҳозирги 43 фоиздан 60 фоизга етказишимиз керак. Агар буни амалга оширсак, камида 12 трлн сўмни тежаймиз», — деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбари иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Марказий банк раиси Тимур Ишметовга ипотекани молиялаштиришнинг янги механизмлари бўйича таклифлар киритишни топширди.

Шу тариқа, 2027 йилда ипотека кредитлари учун йўналтирилиши режалаштирилган маблағлар ҳажми 2026 йил учун тасдиқланган кўрсаткичга нисбатан 2 трлн сўмга ёки 8,7 фоизга ошади.

Ҳозир ипотека қандай молиялаштирилмоқда?

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида ипотека дастури доирасида аҳолига 20,9 трлн сўмлик кредитлар ажратилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,9 трлн сўмга ёки 39 фоизга кўп.

Умумий маблағнинг 12,8 трлн сўми давлат бюджети, 6,1 трлн сўми тижорат банкларининг ўз маблағлари ва яна 2 трлн сўми ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан ажратилган.

Шу тариқа, тўққиз ойда амалда берилган кредитларнинг тахминан 61 фоизи бюджет ҳиссасига, 39 фоизга яқини эса банклар ва Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ҳиссасига тўғри келган. Президент йиғилишда кейинги манбаларнинг ҳозирги улушини 43 фоиз деб айтди. Эҳтимол, бу кўрсаткич 10 ойлик натижаларни акс эттиради.

жамшид қўчқоров, ипотека, ипотека дастури, иқтисодиёт ва молия вазирлиги, марказий банк, тимур ишметов, шавкат мирзиёев

Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, 2026 йил 9 ноябрь ҳолатига ипотека кредитлари бўйича ўртача йиллик фоиз ставкаси 21,7 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич уй-жойнинг иккиламчи бозоридаги ипотека кредитларини қамраб олади. Улар сўнгги 10 иш куни давомида банклар ва Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган.

19 та банк орасида энг паст ўртача ставкалар «Асакабанк»да — 18,7 фоиз, Octobank’да — 19,8 фоиз ва Orient Finans Bank’да — 20,2 фоиз қайд этилган. Энг юқори ставкалар эса Asia Alliance Bank’да — 26 фоиз, Apex Bank’да — 25 фоиз ва «Ипак Йўли» банкида — 24,6 фоиз бўлган. Энг паст ва юқори ставкалар ўртасидаги фарқ 7,3 фоиз бандни ташкил этади.

«Ипотека-банк»да ўртача ставка 21,7 фоиз, Миллий банкда 21,1 фоиз, «Капиталбанк»да 20,9 фоиз, «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB) ва Бизнесни ривожлантириш банкида (BRB) 20,8 фоиздан, «Агробанк»да эса 22,1 фоиз бўлган.

2026 йил февраль ойидаги президент фармони билан ипотека кредитлари учун 23 трлн сўм ажратиш белгиланган. Шундан 12,3 трлн сўми бюджетдан, 7,7 трлн сўми банкларнинг ўз маблағларидан ва 3 трлн сўми Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси ҳисобидан йўналтирилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2026 йилда ипотека бўйича бошланғич бадал ва фоиз тўловларини субсидиялаш учун 2,7 трлн сўм ажратиш белгиланган.

1 октябрь ҳолатига кўра, субсидиялар учун амалда 1,21 трлн сўм тўланган. Унинг 800,3 млрд сўми фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга йўналтирилган, яна 407,8 млрд сўмни 13 722 нафар фуқаро уй-жой сотиб олишда бошланғич бадални қоплаш учун олган.