Бугун, 20 октябрь куни парламентда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонун 11-1-моддасига ўзгартириш ва қўшимча киритишга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Янги ҳужжат асосида бизнес субектларига жарималар бўйича қатор енгилликлар берилиши белгиланмоқда. Хусусан, тадбиркор суд қарори чиққан кундан бошлаб бир ой ичида жариманинг 50 фоизини ихтиёрий тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод этилади. Ёки бўлмаса, жариманинг қолган ярмини олти ой давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.
Моддада молиявий жарима солиш тўғрисидаги қарор бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, жарима суммасини қисқа муддатларда қайтариш кўзда тутилмоқда. Агар пулни қайтариш кечиктирилса, Марказий банк асосий ставкасининг 300 дан бирига тенг миқдорда фоиз тўлаш тартиби жорий этилади.
“Молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилганда, қонунга хилоф равишда ундирилган маблағларни ўз вақтида ва тўлиқ қайтариш орқали тадбиркорлик субектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш назарда тутилмоқда”, дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабарида.
Шу билан бирга, молиявий жавобгарликни қўллаш тартибини янада енгиллаштириш белгиланмоқда. Бу тадбиркорларни асоссиз ёки ортиқча молиявий жазолардан ҳимоя қилишга имкон бериши кутиляпти.
Қонун лойиҳаси депутатлар учинчи ўқишда қабул қилиниб, Сенатга юборилгани қайд этилди. Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлар учун барча турдаги жарималар миқдори ўртача икки баробар камайтирилиши хабар қилинганди.


