Ўзбекистон Марказий банки рақамли сўм яратиш устида ишламоқда. Бу ҳақда 24 сентябрь куни регулятор расмийлари ўтказган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тақдимотда рақамли сўм тўғридан тўғри Марказий банк томонидан муомалага чиқариладиган пул шакли экани айтилди. Аслида бундай валюталар чакана ва улгуржи турларга бўлиниши таъкидланди. Чакана туридан жисмоний ва юридик шахслар банкноталар, банк карталари билан бир қаторда кундалик тўловлар учун фойдаланади. Бироқ Ўзбекистон фақат улгуржи турини яратмоқчи.
“Биз танлаётган Марказий банкнинг рақамли валютаси — wholesale CBDC. Бу тақсимланган реестр технологияси (дистрибутед ледгер течнологй) асосида яратилган ва фақат банклар ҳамда тўлов ташкилотлари учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун қўлланиладиган рақамли валюта ҳисобланади”, деди регулятор вакиллари.
Маълум қилинишича, 2027 йил якунигача Ўзбекистонда рақамли сўмни муомалага чиқаришнинг афзалликлари ўрганиб чиқилади. 2028 йил охиригача синов босиқичи, 2029 йил сўнгигача эса бозор иштирокчиларини тизимга қўшиш ва тизимни тўлиқ ишга тушириш режалаштирилмоқда.
“Халқаро маслаҳатчилар билан биргаликда улгуржи рақамли валюталар ишлаб чиқилади. Кейин пилот синовларини ўтказилиб, натижалардан келиб чиқиб, қарор қабул қилинади. Ҳозирча улгуржи рақамли валютани жорий этиш ёки этилмаслиги 100 фоиз аниқ эмас”, дея маълум қилди Марказий банк масъуллари.
Қайд этилишича, улгуржи рақамли валютанинг ички бозор учун қатор афзалликлари мавжуд. Масалан, ҳисоб-китоб жараёнидаги хавфларни бартараф этади. Операцион фаолият барқарорлигини таъминлайди ва 24/7 режимида фавқулодда ликвидликни зарур вақтда ва жойда автоматик равишда тақдим этиш имконини беради.
Рақамли сўмдан биринчи навбатда давлат харидларида фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Натижада Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан ажратилган пулларни бошқа жойга ўтиб кетмаслигига, маблағни ҳар доим назорат қилиш имконияти пайдо бўлади. Кейинги навбатда инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш ҳам янги турдаги валютада амалга оширилиши мумкин. Пудратчиларга тўловлар лойиҳаларнинг белгиланган босқичларини бажарганда ва ишлар топширилгани тасдиқлангандан сўнг амалга оширилади. Бу давлат инвестиция маблағини қандай сарфланаётганини реал вақт режимида кузатиш имконини тақдим этади. Шу билан бирга, давлат тўловлари ва мақсадли субсидияларни молиялаштиришда ҳам рақамлик сўмдан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
“Булар ҳозирда изланиш давридаги бизнинг кутаётган натижаларимиз. Бу шунақа бўлади дегани эмас. Чунки битта рақамли валютани ўрганиш учун камида 4-5 йил вақт талаб этилади”, дейди Марказий банк масъуллари.
Кейинги уч йил давомида тизимни ўрганиш, рақамли валюта яратиш ва тест режимида амалиётда қўллаб кўриш кўзда тутилмоқда.
Маълумотларга кўра ҳозирги кунда дунёдаги 143 та давлат марказий банклари рақамли валютани ўрганмоқда. Шунинг 77 таси рақамли валютани ишлаб чиқиш жараёнида. Яна 41 таси рақамли валютани пилот лойиҳасини амалга оширмоқда. Дунёда фақатгина учта давлат рақамли валютани ишга туширган: Багама ороллари, Нигерия ва Ямайка.


