2027 йил 1 январдан Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати корхоналари учун оқ шакар импортига квоталар жорий этилади. Уларнинг умумий ҳажми йилига 300 минг тоннани ташкил этади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги «Маҳаллий шакар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва шакар бозорини барқарорлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 417-сон қарорида назарда тутилган.
Ҳужжат ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) грифи остида жамоатчилик учун ёпиқ, деб ёзмоқда “Gazeta”. Ҳукумат оқ шакар импортига йилига жами 300 минг тонна миқдорида квота жорий этишни тасдиқлади. Квоталар уч йўналиш бўйича тақсимланади:
- ичимликлар ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна;
- қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна;
- бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга — 100 минг тонна.
Шу билан бирга, ҳужжатда ички истеъмол, ишлаб чиқариш қувватларининг юкланиши, импорт ва ички бозордаги нархларни ҳисобга олган ҳолда квоталарни ҳар олти ойда қайта кўриб чиқиш имконияти назарда тутилган.
Квоталар миқдори бўйича таклифларни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Миллий статистика қўмитаси тайёрлайди. Ҳукумат ҳар йили ноябрь ойида кейинги йил учун квоталарни тасдиқлаши керак.
2026 йил 1 декабрга қадар Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига Рақамли технологиялар вазирлиги, Божхона қўмитаси ва Рақобатни ривожлантириш қўмитаси билан биргаликда импортчилар ўртасида квоталарни онлайн-аукционлар орқали тақсимлаш учун электрон платформа ишга тушириш топширилган.
Тизим Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» ахборот тизимига интеграция қилинади. Аукцион натижалари очиқ эълон қилинади.
Қарорда 300 минг тоннадан ортиқ шакар етказиб бериш қандай расмийлаштирилиши, бошқа импортчиларга бирор чеклов татбиқ этилиши ёки махсус тариф режими назарда тутилгани тушунтирилмаган.
Маҳаллий шакар заводларига давлат харидларида имтиёз берилади
2027 йил 1 январдан давлат ташкилотлари ва корхоналари оқ шакар харид қилишда ўз эҳтиёжларини биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан қондириши керак бўлади.
Бундан ташқари, маҳаллий шакар заводлари ишлаб чиқарган маҳсулотларнинг бутун ҳажми товар-хомашё биржаси орқали сотилиши керак.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг тайёр маҳсулотларини экспорт қилишда қўшимча махсус чекловларсиз етказиб бериш имконияти назарда тутилган.
Давлат захираларини бошқариш қўмитасига оқ шакар захираларини маҳаллий корхоналар маҳсулотлари ҳисобидан шакллантириш топширилган.
Шу билан бирга, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигига истисно тариқасида маҳаллий шакар заводлари маҳсулотларига йиғим ундирмасдан сертификатлар қабул қилиш, шунингдек, ишлаб чиқарувчиларни тегишли реестрга киритиш ҳуқуқи берилган.
Шакар заводларининг кредитлари муддати узайтирилади ва фоиз харажатларининг бир қисми қопланади
Қарорда маҳаллий шакар ишлаб чиқарувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» шакар заводларининг мавжуд кредитлари шартларини қайта кўриб чиқишни келишиб олиши керак. «Ўзсаноатқурилишбанк» (унинг акциялари Миллий инвестиция жамғармасига киради) олдидаги қарзларни қайтариш муддатини икки йилгача имтиёзли даврни ҳисобга олган ҳолда беш йилгача узайтиришга рухсат берилади.
Шу билан бирга, томонлар банкнинг амалдаги тарифлари бўйича тўлов жадваллари ва фоиз ставкаларини қайта кўриб чиқиши керак.
2026 йил охирига қадар корхоналар мавжуд дебиторлик қарздорлигини тўлиқ ундиришни таъминлаши ва фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 50 млн доллар хусусий инвестиция жалб қилиши лозим.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 августдан 2031 йил 1 августгача маҳаллий шакар заводлари хорижий валютада жалб қилган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш назарда тутилган.
Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси ҳузуридаги Фоиз харажатларини қоплаш жамғармаси ҳисобидан фоиз харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ беш фоиз бандидан кўп бўлмаган миқдори қопланиши мумкин.
Бу чора корхоналарнинг барқарорлик рейтинги ва кредит таснифидан қатъи назар қўлланилиши керак. Муддати ўтган қарздорлик бундан мустасно.
2031 йилгача солиқ имтиёзлари берилиши мумкин
Ҳукумат Иқтисодиёт ва молия вазирлигига маҳаллий шакар заводларини 2031 йил 1 январга қадар фойда солиғи ва мол-мулк солиғидан озод қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлашни ҳам топширди.
Имтиёзлар туфайли бўшайдиган маблағлар тўлиқ кредит мажбуриятларини қоплашга йўналтирилиши керак.
Солиқ кодексига тегишли тузатишларни бир ой ичида тайёрлаб, Вазирлар маҳкамасига киритиш топширилган.
Банклар шакар заводлари фаолиятини назорат қилиш бўйича қўшимча ваколатларга эга бўлади
Қарорнинг алоҳида қисми корхоналарни молиявий бошқариш ва улар фаолиятини назорат қилишга бағишланган.
Маҳаллий шакар заводларига кредитор банклар вакилларини тайинлаган ҳолда молия директорлари лавозимларини жорий этиш тавсия қилинган.
Банклар корхоналарнинг умумий йиғилишларида иштирок этиши ва қарз олувчиларнинг молиявий аҳволини ёмонлаштириши мумкин бўлган қарорларни блоклаш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилган.
Корхоналарнинг бўш пул маблағларини cash sweep механизми — мавжуд эркин маблағларни қарзни камайтириш учун мажбурий йўналтириш орқали банк кредитларини муддатидан олдин қоплашга сарфлаш таклиф қилинган.
Ҳужжатда корхоналарнинг молиявий ҳолатини аудит қилиш ва уларни соғломлаштириш режаларини ишлаб чиқиш учун хорижий маслаҳатчиларни жалб этиш ҳам кўзда тутилган.
Назоратни кучайтириш учун ишлаб чиқариш жараёнларини видеокузатувга олиш ва банкларга уларни реал вақт режимида кузатиш имконини бериш, ишлаб чиқаришни бошқариш ҳамда тайёр маҳсулот ҳисобини узлуксиз юритишнинг рақамли тизимларини жорий этиш режалаштирилган.
Кредитлар тўлиқ қоплангунга қадар шакар заводларига фойдани дивидендлар шаклида тақсимламаслик таклиф қилинган.
Бундан ташқари, муайян шартларда ишлаб чиқариш ускуналарини гаровга бериш, активлардан янги лойиҳалар учун фойдаланиш ва зарур келишувларсиз кредит тўловлари жадвалини ўзгартириш чекланади.
Январь ойида UzBev — Алкоголсиз ичимликлар ва шарбатлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси ижрочи директори Альфия Мусина шакарнинг юқори нархини «барча маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг оғриқли муаммоси» деб атаган эди.
Ўшанда бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини икки-уч йил ичида ошириш имконини берадиган иккита йирик лойиҳа ҳақида маълум қилганди.
2025 йил 1 октябрдан Ўзбекистонда оқ шакар импорти учун 20 фоизлик акциз солиғи бекор қилинган, бироқ 20 фоиз миқдоридаги божхона божи сақланиб қолган.
Қарор танқид қилинди
Иқтисодчи Отабек Бакиров шакарни олиб киришга импорт квотаси жорий этиш тўғрисидаги қарорни танқид қилди. У бу чора истеъмолчилар ва тадбиркорлар учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирди.
Унинг фикрича, импортни чеклаш шакар нархининг ошишига, ичимликлар, қандолатчилик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар харажатларининг кўпайишига, шунингдек, корхоналар ишлаб чиқариши ва экспорт имкониятларининг қисқаришига олиб келиши мумкин.
Бакировнинг қайд этишича, 2026 йилда Ўзбекистон камида 750−800 минг тонна шакар импорт қилиши мумкин. Шу шароитда квотани 300 минг тонна этиб белгилаш, унинг фикрича, рақобатнинг сезиларли даражада чекланиши хавфини туғдиради.
Бакировнинг фикрича, импорт квоталарини маъмурий тақсимлаш тизимига қайтиш коррупция хавфини ҳам келтириб чиқаради, чунки етказиб бериш имконияти давлат органларининг қарорларига боғлиқ бўлиб қолиши мумкин. У бундай механизмлар бозорнинг чекланган сондаги иштирокчилар қўлида тўпланишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Тўққиз ойда шакар импорти 36 фоизга ошди
Янги чоралар шакар ва шакар хомашёси импорти сезиларли даражада ошган бир пайтда жорий этилмоқда.
Божхона қўмитаси Gazeta’га тақдим этган маълумотларга кўра, 2026 йил январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон 440,1 млн долларлик 652,8 минг тонна шакар ва шакар хомашёсини импорт қилган. 2025 йилнинг шу даврида импорт 321,3 млн долларлик 480,1 минг тонна маҳсулотни ташкил этган. Шу тариқа, бир йилда етказиб беришнинг жисмоний ҳажми 172,6 минг тоннага ёки 36 фоизга, қиймати эса 118,8 млн долларга ёки 37 фоизга ошган.
Шу билан бирга, бутун 2025 йил давомида 481,9 млн долларлик 732,3 минг тонна, 2024 йилда эса 540,8 млн долларлик 776,4 минг тонна шакар ва шакар хомашёси импорт қилинган.
Шундай қилиб, 2025 йил якунларига кўра, импортнинг жисмоний ҳажми 5,7 фоизга, қиймати эса 10,9 фоизга камайган.
Шуни эътиборга олиш лозимки, божхона статистикаси тайёр шакар билан бирга кейинчалик қайта ишлаш учун ишлатиладиган шакар хомашёсини ҳам қамраб олади. Шу сабабли импортнинг умумий ҳажмини фақат саноат истеъмолчиларининг муайян тоифалари учун белгиланган 300 минг тонна оқ шакар квотаси билан тўғридан-тўғри таққослаб бўлмайди.
Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш билан боғлиқ вазият қандай?
Ўзбекистонда шакарнинг асосий ишлаб чиқарувчилари Тошкент вилоятидаги Angren Shakar ва Хоразм вилоятидаги Xorazm Shakar корхоналаридир.
2024 йил апрелида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатнинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжини 650−700 минг тонна деб баҳолаган. Ўша пайтда фаолият юритаётган иккита шакар заводининг умумий лойиҳа қуввати йилига 900 минг тоннадан ошган.
Бироқ сўнгги йилларда шакар ишлаб чиқаришнинг амалдаги ҳажми қисқариб борган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 165,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган. 2024 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 227,8 минг тоннани, 2023 йилда эса 332,6 минг тоннани ташкил этган. Яъни, икки йилда ишлаб чиқариш икки баравардан кўпроққа, 2024 йилнинг биринчи ярмига нисбатан эса 27,3 фоизга камайган.
Шу билан бирга, маҳаллий заводлар учун хомашёнинг катта қисми анъанавий равишда импорт қилинади. Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аввалроқ шакар хомашёсининг асосий ҳажмлари Бразилия ва Ҳиндистондан келтирилишини маълум қилган.
Ички ишлаб чиқариш қисқариб бораётган бир пайтда хориждан тайёр шакар етказиб бериш ҳажми ошмоқда.


