Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 6ноябр · Жума
USD 11 973,48 ▲ +38,11 EUR 13 436,64 ▲ +4,57 RUB 146,59 ▲ +1,01 GBP 16 112,71 ▲ +19,06
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Рақобат қўмитаси: улушли қурилиш шартномаларининг 77 фоизида пулни қайтариш муддати белгиланмаган

Қўмита 132 та қурувчи ташкилотнинг шартномаларини ўрганиб, уларда харидор ҳуқуқларини чекловчи шартлар борлигини аниқлади. Январь–сентябрь ойларида қурилиш соҳаси бўйича 1 700 дан ортиқ шикоят келиб тушган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси улушли қурилишда иштирок этаётган 132 та қурувчи ташкилотнинг шартномаларини ўрганиб, уларда харидорлар ҳуқуқларини чекловчи шартлар борлигини аниқлади. Бу ҳақда қўмита хабар берди.

Улушли қурилишда харидор уй қуриб битказилишидан олдин пул тўлайди ва келажакда қуриладиган хонадонга улуш олади.

Қўмита маълумотига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида унга қурилиш сифати ва объектлар ўз вақтида топширилмаётгани юзасидан 1 700 дан ортиқ шикоят келиб тушган. Мурожаатлар кўриб чиқилгач, истеъмолчилар фойдасига қарийб 14,5 млрд сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Шартномаларда аниқланган асосий камчиликлар:

  • 77,3 фоизида шартнома бекор қилинганда тўланган пулни қайтариш муддати белгиланмаган ёки у дастлабки тўлов муддатига мос эмас;
  • 63,6 фоизида хонадон топширилгандан кейинги кафолат муддати кўрсатилмаган;
  • 54,5 фоизида кафолат даврида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш мажбурияти назарда тутилмаган;
  • 50,8 фоизида қурилиш кечиктирилгани учун қурувчи тўлайдиган неустойка (пеня) белгиланмаган;
  • 33,3 фоизида объектни топширишнинг аниқ муддати кўрсатилмаган;
  • 30,3 фоизи давлат тилида эмас, рус тилида тузилган.

Қўмита баҳосига кўра, шартномаларнинг 59,1 фоизи фақат қурувчи манфаатини кўзлаб тузилган, 49,2 фоизида эса истеъмолчини камситувчи бошқа шартлар бор.

Айрим шартномаларда харидор шартномани бекор қилса, тўлаган пулининг 4–15 фоизини ушлаб қолиш, пулни хонадон бошқа харидорга сотилгандан кейингина қайтариш, нархни бир томонлама ошириш ва харидорга юқори пеня белгилаш каби шартлар ҳам учраган.

Энг кўп шартнома Тошкент шаҳрида (17 та) ўрганилди. Наманган, Навоий ва Тошкент вилоятларида 15 тадан, Бухоро ва Сурхондарёда 13 тадан, Фарғона ва Хоразмда 10 тадан, Андижонда 9 та, Сирдарёда 8 та, Жиззахда 4 та, Қашқадарёда 3 та шартнома таҳлил қилинди.

Қўмита аниқланган камчиликлар бўйича тегишли идораларга таклиф киритганини маълум қилди, бироқ таклифлар мазмунини ошкор қилмади. Қўмита хонадон сотиб олувчиларга шартномани имзолашдан олдин ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашишни, ҳуқуқни чекловчи шартлар аниқланса, ваколатли органлар ёки судга мурожаат қилишни тавсия қилди.