Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 30октябр · Жума
USD 12 066,22 ▲ +62,20 EUR 13 444,18 ▲ +82,51 RUB 149,74 ▲ +0,94 GBP 16 075,82 ▲ +124,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ноябрда айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан ёрдам берилади

Бир марталик моддий ёрдамни Ижтимоий реестрга киритилган, шунингдек, маҳалла еттилиги хулосаси асосида эҳтиёжманд деб топилган оилалар олишлари мумкин. Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар ҳам моддий ёрдам олиши мумкин.

2026/2027 йилги иситиш мавсумида айрим эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади. Бу ҳақда 28-октабрда қабул қилинган президент фармонида белгиланган. Тўловлар ноябрь ойида амалга оширилади.

Моддий ёрдам, биринчи навбатда, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга берилади. Шунингдек, «маҳалла еттилиги» хулосаси асосида реестрга киритилмаган, бироқ унинг мезонларига мос келадиган эҳтиёжманд оилалар ҳам ёрдам олиши мумкин.

Жумладан, оила аъзоларининг ҳар бирига тўғри келадиган ўртача даромад минимал истеъмол харажатларининг икки бараваридан (1,43 млн сўм) ошмайдиган оилалар қўллаб-қувватланади.

Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар ҳам моддий ёрдам олиши мумкин. Улар учун даромад чегараси Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда МИХнинг икки баравари (1,43 млн сўм), Тошкент шаҳрида уч баравари (2,14 млн сўм) этиб белгиланган.

Бундан ташқари, барқарор иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича туман ва шаҳар штаблари қарорига мувофиқ, белгиланган даромад мезонларидан юқори даромадга эга айрим эҳтиёжманд оилаларга ҳам ёрдам ажратилади.

Шунингдек, ёрдам ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшовчи ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар реестрига киритилган фуқаролар ҳамда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшайдиган оилаларга ҳам берилади.

Октабр ойида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйган эди. Унда маблағлар 30 ноябргача фуқароларнинг ижтимоий ёки банк карталарига тўлиқ ва ўз вақтида ўтказилиши белгиланган.