Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 29октябр · Пайшанба
USD 12 004,02 ▲ +85,04 EUR 13 361,67 ▲ +77,97 RUB 148,80 ▲ +0,76 GBP 15 950,94 ▲ +74,86
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Марказий банк тўлов свитчи орқали сўмдаги ҳисоб-китоблар тартибини тасдиқлади

Банклар тизимга тўғридан тўғри иштирокчи сифатида, тўлов хизматлари эса ҳисоб-китоб банки иштирокида улана олади. Тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари ва электрон пул тизими операторлари операциялар бўйича ҳисоб-китобларни «ҳисоб-китоб банки» орқали амалга ошириши шарт, бироқ улар ҳам техник жиҳатдан тизимга бевосита уланади.

Фото: Марказий банк

Марказий банк миллий тўлов свитчи орқали чакана ҳисоб-китобларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ҳужжат 23 октябрь куни Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.

Низом Ўзбекистон ичида нақд пульсиз тўловларни қайта ишлаш ва клиринг қилиш учун ягона марказлашган инфратузилманинг ишлаш қоидаларини белгилайди. У орқали Ўзбекистон ҳудудида миллий валютада амалга ошириладиган барча тўловлар ўтказилади.

Тўлов свитчи оператори сифатида Марказий банк ҳузуридаги «Ахборотлаштириш бош маркази» МЧЖ (ABM) иштирок этади. У инфратузилманинг узлуксиз ишлаши, техник қўллаб-қувватланиши ва ривожланиши, шунингдек, ахборот хавфсизлиги ҳамда киберхавфсизлик учун масъул бўлади.

Тўлов сwитчи инфратузилмаси сўровларни қабул қилиш, маршрутлаш, қайта ишлаш ва авторизация қилиш, клиринг операциялари, ҳисоб-китоб ҳужжатлари ва ҳисоботларни тайёрлаш, шунингдек, мамлакат ичида ахборот алмашинувини таъминлайди. Ҳужжатда қайд этилишича, унинг ишга туширилиши транзакцияларнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва ишончлилигини оширади.

Тизимда фақат банклар тўлов свичиига тўғридан-тўғри иштирокчи сифатида улана олади. Тўлов ташкилотлари, тўлов тизимлари операторлари ва электрон пул тизими операторлари операциялар бўйича ҳисоб-китобларни «ҳисоб-китоб банки» орқали амалга ошириши шарт, бироқ улар ҳам техник жиҳатдан тизимга бевосита уланади.

Свитч иштирокчилари ҳисоб-китоблар учун етарли ликвидликни таъминлаши, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (комплаенс) чораларига риоя этиши, шунингдек, тўлов маълумотларининг махфийлигини ҳамда шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилишни таъминлаши шарт.

Тўлов свитчига уланиш учун ташкилот Марказий банкка ёзма ёки электрон ариза топшириши керак. Регулятор ташкилотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини ўрганиб чиқади ва таваккалчиликларни баҳолайди.

ABM ариза берувчи билан шартнома тузади, шундан сўнг тест синовларини ўтказади ва унинг натижаларини Марказий банкка тақдим этади. Тест натижаларига кўра регулятор сwитчга уланиш аризасини маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аризани кўриб чиқиш уланиш ва ишга туширишгача бўлган даврда умумий ҳисобда 30 иш кунигача давом этиши мумкин.

Аризаларни баҳолашда қуйидаги мезонлардан фойдаланилади:

  • операцион ва техник тайёргарлик йўналишида — ички техник ҳужжатлар ва АБМнинг тест якунлари бўйича баённомаси;
  • киберхавфсизлик йўналишида — ташкилот сиёсати, кўрилган чоралар ҳақидаги маълумотлар ва тест натижалари;
  • таваккалчиликларни бошқариш (риск-менежмент) йўналишида — таваккалчиликларни баҳолаш натижалари, белгиланган лимитлар ва назорат чоралари.

Кўрсаткичларнинг аниқ рўйхати, уларнинг чегаравий қийматлари, текшириш усуллари ва баҳолаш услубига оид бошқа маълумотлар аризалар қабул қилинишидан олдин Марказий банк ва ABM веб-сайтларида эълон қилиниши шарт. Эълон қилинмаган мезонлар асосида уланишни рад этиш тақиқланади.

Ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач — 2027 йил 25 январдан кучга киради.