Ўзбекистонда транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва соҳага хусусий секторни кенг жалб этиш мақсадида тадбиркорлар ҳамда ташувчилар учун бир қатор солиқ, божхона ва кредит имтиёзлари берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда эълон қилинган президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Солиқ ва божхона имтиёзлари
Ҳужжат лойиҳасига кўра, «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган янги автобус ҳамда электробусларга 2027 йил 31 декабрга қадар утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади.
Шунингдек, 2027 йил 1 январдан 2030 йил 1 январга қадар йўловчиларга хизмат кўрсатувчи транспорт инфратузилмаси объектлари — автовокзаллар, автостанциялар, темир йўл вокзаллари ҳамда маҳаллий аэропортлар юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилади.
Куз-қиш мавсумида жамоат транспорти ҳаракат таркибларини газ ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида улар учун алоҳида навбат — «яшил йўлак» асосида устувор хизмат кўрсатиш тартиби белгиланади.
Автостанцияларда бизнес учун шароит ва кредитлар
Автостанциялар ҳудудининг 20 фоизигача бўлган қисмида қувватлантириш станциялари, умумий овқатланиш объектлари, меҳмонхоналар, техник сервис пунктлари, автомобилларни ювиш шохобчалари ҳамда дўконларни ўз ичига олувчи комплекслар қуришга рухсат берилади.
Бундан ташқари, тижорат банклари орқали тадбиркорларга автовокзал ва автостанцияларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда янги микроавтобуслар харид қилиш учун имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредитлар ажратиш механизми жорий этилади.


