Ўзбекистонда салкам 80 минг фуқаро ишсизлик нафақаси олмоқда. Бу ҳақда Бандлик вазирлиги департаменти бошлиғи Собир Хайитмуродов 28 октябрда Тошкент шаҳрида ўтган матбуот анжумани сўнгида журналистларга берган интервюсида маълум қилди.
“Ишсизлик нафақаси олиш учун Ўзбекистон қонунчилиги бўйича охирги беш йил ичида 1 йилу 8 ой ижтимоий солиқ тўлаган бўлиш керак. Фуқаролар меҳнатга лаёқатли ёшидан келиб чиқиб, ишсиз сифатида туман ёки шаҳар бандлик органларига мурожаат қилиши мумкин. Агарда фуқарони малакаси бўйича ишга жойлаштира олинмаса, у комиссия томонидан ишсиз деб эътироф этилади. Кейин ишсизлик нафақаси тайинланади”, деди вазирлик вакили.
Собир Хайитмуродовга кўра, фуқаро касб-ҳунар ўрганиб, кейин ишга жойлашмоқчи бўлса ҳам ишсизлик нафақаси олиши мумкин.
“Ҳозирги кунда салкам 80 мингга яқин фуқаро ишсизлик нафақаси олмоқда ва улар касб-ҳунарга йўналтирилган. Касб-ҳунар ўрганаётган вақтида уларга ўқиш жараёнидаги харажатлари тўлаб берилади ва стипендия ҳам ажратилади”, деди у.
Билдирилишича, Ўзбекистонда ишсизлик нафақасининг энг юқори қиймати меҳнатга ҳақ тўлашнинг уч баравари миқдорига (4 миллион 80 минг сўм) тенг.
“Ишсизлик нафақаси уч ойгача тўланиши мумкин. Биз ҳозир қонунчиликка ўзгартириш киритишни таклиф қиляпмиз. Бу орқали ишсизлик нафақаси тўлаш муддатини тўрт ойгача узайтириш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳаси парламентдан ўтиб, тасдиқланса, қабул қилиниши мумкин”, деди вазирлик департаменти раҳбари.
Аввалроқ 2026 йил январь сентябрь ойларда республикада камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача пасайгани маълум қилинганди. Бандлик вазирлиги таҳлилига кўра, тўққиз ой давомида Ўзбекистонда 824 минг фуқаро доимий ишга жойлаштирилган. Қарийб 4,14 миллион одамнинг даромадини оширишга кўмаклашилган. Ўз навбатида 980 минг кишининг норасмий бандлиги расмийлаштирилган.


