Президент Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ишларни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида эҳтиёжманд оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Йиғилишда Хоразм вилояти мисолида ўрганилганда, камбағал оилаларда 48 минг нафар бола борлиги, бироқ масъулларда ушбу ёшлар билан алоҳида шуғулланиш ва уларни ҳозирдан касб-ҳунарга жалб этиш бўйича махсус дастур йўқлиги танқид қилинди. Вилоятдаги ҳар бир туманида камида 1-2 тадан техникум ва 4-5 тадан ўқув маркази фаолият юритаётгани инобатга олиниб, ёшлар етакчилари, ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаолларига мактаб, техникум ҳамда ўқув марказларида камбағал оилалар фарзандлари учун бепул қўшимча тўгараклар ташкил этиш вазифаси юклатилди.
Шунингдек, ҳудуддаги янги лойиҳалардан келиб чиқиб, 646 нафар коллеж ўқувчиси ва олийгоҳ талабасининг дуал таълим асосида касбий кўникмаларини ошириш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди. Хоразмда камбағал оилалардаги 10 мингдан зиёд аёл бола парвариши билан бандлиги, бундай оилалар фарзандларининг боғча қамрови 75 фоизга ҳам етмаслиги қайд этилди. Камбағал оилалардаги пенсия ёшидаги ва ногиронлиги бўлган 526 нафар инсонга ижтимоий ёрдамни кучайтириш орқали парвариш билан банд оила аъзоларига даромадли меҳнат қилиш учун шароит яратиш мумкинлиги таъкидланди.
Йиғилишда республикада камбағаллик даражаси 3,9 фоизга тушган бўлса-да, 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда мазкур кўрсаткич ўртача 6,5 фоизни ташкил этаётгани маълум қилинди. Шу муносабат билан йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий реестрга киритиш тизими қайта кўриб чиқилиши белгиланди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига аҳоли даромади билан бирга сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаётгани каби омилларни қамраб оладиган кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтиш топширилди.
Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланиши белгиланди. Шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга “пассив даромад” келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йил 300 миллиард сўм ажратилган бўлиб, бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди ва бу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини бир ҳафта муддатда киритиш топширилди.
2027 йилдан бошлаб ижтимоий реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилади. Мазкур ваучер 12 ой муддатга берилади ва эҳтиёжманд оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам ўз кучини сақлаб қолади.


