Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадини оширишни янги босқичга олиб чиқиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган янги ёндашувлар белгилаб берилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йил якунига қадар эҳтиёжманд аҳолини «ижтимоий реестр»га киритиш тизимини қайта кўриб чиқиш топширилди.
Бунда аҳоли даромади билан бирга сурункали касаллик, ногиронлик, кўп болалилик ва оила аъзосининг хорижда ишлаётгани каби омилларни қамраб оладиган кўп ўлчовли баҳолаш тизимига ўтилади.
Республикада камбағаллик даражаси 3,9% га тушган бўлсада, 3 ёшгача фарзанди бор оилаларда мазкур кўрсаткич ўртача 6,5% ни ташкил этмоқда.
Президент бола парваришлаётган ота-оналарни уйида ёки маҳаллада ишли ва даромадли қиладиган тизим йўлга қўйилишини маълум қилди.
Ишлайдиган оналарга фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Ижтимоий суғурта жамғармасидан нафақа тўланади. Меҳнатга лаёқатсиз эҳтиёжманд оилаларга «пассив даромад» келтирадиган ижтимоий пакет учун жорий йил 300 млрд сўм ажратилган.
Бундай ёрдам олган 11 минг оиланинг ярмида даромад сезиларли ошгани қайд этилди. Бир ҳафтада ушбу тизимни давом эттириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
«Келаси йилдан реестрга кирган оила фарзандларининг давлат ва хусусий боғча бадали, ўқув маркази тўлови, йўлкираси ҳамда олийгоҳдаги ётоқхона харажати ваучер орқали қоплаб берилади», — деди давлат раҳбари.
Ваучер 12 ой муддатга берилади ва эҳтиёжманд оила Ижтимоий реестрдан чиқарилганидан кейин ҳам амал қилади.


