Марказий банк раиси Тимур Ишметов банкларни санация қилишда уларни баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Адлия вазирлиги тегишли қарорни 10 сентябрь куни рўйхатдан ўтказиб, Lex.uz порталида эълон қилди.
Ҳужжат банклар, банк гуруҳлари ва банкларнинг назорат акциялари пакетига эга бўлган холдингларни, шунингдек, акциядорлар ва кредиторлар кўриши мумкин бўлган зарарларни баҳолаш тартибини белгилайди. Бундан ташқари, у баҳоловчиларга қўйиладиган талабларни ва уларни танлаб олиш тартибини ҳам ўз ичига олади.
Баҳолаш акциядорлар ва кредиторларнинг санация жараёнида оладиган қиймати билан банк мажбурий тугатилган тақдирдаги эҳтимолий қийматини таққослашга асосланади.
Марказий банк дастлабки танловдан ўтган баҳоловчи ташкилотларнинг рўйхатини тузади ва ҳар бир ҳолатда танлов улар орасидан амалга оширилади. Рўйхатга киритилиши учун ташкилот ёзма аризага қуйидагиларни илова қилган ҳолда топшириши керак:
- банкни санация қилиш мақсадида баҳолаш ўтказиш бўйича тажрибаси ва имкониятлари тўғрисидаги маълумотлар;
- баҳолаш ўтказувчи ходимларининг малака сертификатлари тўғрисидаги маълумотлар;
- баҳоловчи ташкилотнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлиги тўғрисидаги маълумот;
- манфаатлар тўқнашувини аниқлаш бўйича ички сиёсати мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;
- баҳолаш ўтказишга нисбатан ушбу низомда белгиланган талабларга риоя қилишга розилиги.
Ариза ташкилотнинг профессионал жамоат бирлашмалари талқинидаги рейтинги, унинг тажрибаси, имкониятлари ва салоҳияти ҳисобга олинган ҳолда икки ой муддатда кўриб чиқилади. Тасдиқлангач, рўйхат регуляторнинг веб-сайтида эълон қилинади.
Марказий банк дастлабки танловдан ўтган баҳоловчилар рўйхатини камида йилда бир марта қайта кўриб чиқади.
Банкка нисбатан санация тартиб-таомили бошланганда, Марказий банк рўйхатдаги ташкилотларга хабарнома юборади. Баҳоловчилар регуляторга ишларнинг тахминий муддатлари ва қийматини кўрсатган ҳолда баҳолаш ўтказиш бўйича ўз таклифларини тақдим этиши керак бўлади.
Таклифларни кўриб чиқиш учун 15 иш куни ажратилади. Бунда регулятор баҳоловчи ташкилотдан манфаатлар тўқнашуви мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотларни сўраши мумкин. Манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига қуйидагилар кириши мумкин:
- баҳолаш ўтказиш тўғрисидаги шартнома тузилган санада баҳоловчи ташкилотнинг санация қилинаётган банкка хизмат кўрсатаётганлиги;
- баҳолаш ўтказиш тўғрисидаги шартнома тузиладиган санадан олдинги 12 ой ичида баҳоловчи ташкилотнинг санация қилинаётган банкка хизмат кўрсатганлиги;
- баҳоловчи ташкилотнинг ёки унинг баҳолаш ўтказишда иштирок этувчи ходимининг санация қилинаётган банкда аҳамиятли манфаатга эгалиги. Манфаатнинг аҳамиятли эканлиги Марказий банк томонидан ҳар бир ҳолат учун белгиланади;
- баҳоловчи ташкилот ёки унинг баҳолаш ўтказишда иштирок этувчи ходими билан санация қилинаётган банк раҳбарияти ёки ходимлари ўртасида молиявий муносабатлар мавжудлиги;
- баҳоловчи ташкилот ёки унинг баҳолаш ўтказишда иштирок этувчи ходими санация қилинаётган банк ёки Марказий банкка алоқадор шахс эканлиги;
- баҳоловчи ташкилотнинг мустақил ва холис баҳолаш ўтказишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар.
Баҳоловчи ташкилотнинг санация қилинаётган банкда талаб қилиб олингунча сақланадиган ҳисобварағи ёки унинг ходимларида банк карталари мавжудлиги манфаатлар тўқнашуви деб ҳисобланмайди.
Банкни баҳолаш жараёнида активлар, мажбуриятлар ва балансдан ташқари моддалар инобатга олинади. Баҳоловчи қуйидагиларни ҳисоблаб чиқиши керак:
- муайян санация қилиш воситаси қўлланилганда банкнинг ҳар бир турдаги акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қиймат;
- банкни санация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда мазкур банкни мажбурий тугатиш жараёни бошланган тақдирда банкнинг ҳар бир турдаги акциядорлари ва кредиторлари олиши мумкин бўлган қиймат;
- ҳисобдан чиқарилиши ва конвертация қилиниши талаб этиладиган мажбуриятлар қиймати;
- актив, ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўтказилиш (сотилиш) қиймати ҳамда актив, ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўтказилганда (сотилганда) банк ёки унинг акциядорларига тўланадиган қийматлар.
Баҳолашда ташкилот бозор таҳлили маълумотларидан, банкнинг ҳолатига мослаштирилган тармоқ ва бозор кўрсаткичларидан, тарихий ва бошқа муҳим маълумотлардан фойдаланиши мумкин. Шунингдек, жараёнда бизнес-модель, рискларни бошқариш, капиталнинг етарлилиги ва ликвидлик кўрсаткичлари кабиларга эътибор қаратиши лозим.
Ҳисоб-китоблар асосида баҳоловчи акциядорлар ва кредиторлар банк санация қилинганида кўриши мумкин бўлган зарарларни унинг тугатилишидаги зарарлар билан солиштириши лозим.
Агар баҳоловчи банкни тўлиқ баҳолашда муаммоларга дуч келса, у дастлабки баҳолашни ўтказиши мумкин. Қийинчиликлар бартараф этилгач, якуний баҳолаш ўтказилади.


