Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 28октябр · Чоршанба
USD 11 918,98 ▲ +57,02 EUR 13 283,70 ▲ +5,42 RUB 148,04 ▲ +0,91 GBP 15 876,08 ▲ +42,74
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Жаҳон банки Ўзбекистон электр тармоқларини модернизация қилиш учун 100 млн доллар қарз ажратади

Маблағлар «яшил» қувватларни тармоққа улаш учун 60 та подстанцияни модернизация қилишга йўналтирилади. Дастур қарийб 11,7 мингта қўшимча иш ўрни яратилишига ёрдам бериши кутилмоқда.

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонда электр энергиясини тақсимлаш тизимининг самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш учун 100 млн доллар миқдорида қарз ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Маблағлар “Электр энергиясини тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш” дастури доирасида ажратилади. Лойиҳа электр тармоқларининг қайта тикланувчи манбалардан энергия қабул қилиш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Дастур Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамкорлигида молиялаштирилади. ОТБ 2026 йил 30 сентябрда Ўзбекистонга 200 млн доллар қарз ажратишни маъқуллаган. Жаҳон банкининг 100 млн долларлик қарзи ва давлат бюджетидан ажратилган 71 млн доллар билан бирга дастурни молиялаштиришнинг умумий ҳажми 371 млн долларни ташкил этади.

Дастур доирасида мамлакат бўйлаб 60 та асосий подстанцияни модернизация қилиш ва рақамлаштириш режалаштирилган. Бу электр энергияси йўқотишларини камайтириш ва электр таъминоти ишончлилигини оширишга хизмат қилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2031 йилга бориб модернизация қилинган подстанцияларда электр энергиясининг йиллик йўқотишлари 20 минг мегаватт-соатга камаяди. Шунингдек, камида 3,3 гигаватт қувватга эга қайта тикланувчи энергия манбаларини электр тармоғига интеграция қилиш учун шароит яратилади.

Бундан ташқари, дастур ҳар йили қарийб 23 минг тонна карбонат ангидрид эквивалентидаги иссиқхона газларининг атмосферага чиқишининг олдини олиш имконини беради.

Жаҳон банки маълумотига кўра, модернизация қилинган энергетика инфратузилмаси обектлари ишга туширилганидан кейинги беш йил давомида дастур қарийб 11,7 мингта қўшимча сифатли иш ўрни яратилишига ёрдам бериши кутилмоқда.

Лойиҳа “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан амалга оширилади. Дастур компаниянинг молиявий бошқарув тизимларини такомиллаштириш, киберхавфсизликни кучайтириш, экологик ва ижтимоий стандартларга риоя этиш сифатини ошириш ҳамда бандлик соҳасида гендер тенглигини таъминлашни ҳам назарда тутади.

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин ишончли электр таъминоти аҳолининг кундалик ҳаёти, янги иш ўринлари яратиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва иқтисодий ўсиш учун муҳим эканини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг электр энергетикаси инфратузилмасини модернизация қилиш билан бирга, молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш имконини ҳам беради.