Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24август · Душанба
USD 11 853,55 ▲ +6,39 EUR 13 869,84 ▲ +26,43 RUB 141,86 ▲ +0,42 GBP 16 189,58 ▲ +39,53
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Марказий банк финтех-сервисларида биометрик тасдиқлаш талабларини юмшатди

Фойдаланувчилар иловаларда яқин қариндоши номига расмийлаштирилган рақам орқали рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади. Ушбу истисно юридик шахслар номига расмийлаштирилган корпоратив рақамларга тааллуқли эмас.

Фото: Марказий банк

Марказий банк масофавий молиявий хизматлар кўрсатишда ахборот хавфсизлиги, киберхавфсизлик ва фирибгарликнинг олдини олишга доир минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартиришларни тасдиқлади.

Ўзгартиришлар фойдаланувчиларни биометрия ёрдамида идентификасия қилиш билан боғлиқ бир қатор талабларни юмшатишни, картадан картага ўтказмаларни (P2P) соддалаштиришни ҳамда таваккалчиликлар ҳақида хабардор қилиш тартибини қайта кўриб чиқишни назарда тутади. Улар июл ойи охирида регулятор томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Низомда банк ва тўлов сервисларининг иловаларида рўйхатдан ўтиш чоғида фойдаланувчиларни масофадан биометрик идентификасиялаш талаби белгиланмоқда.

Бунда фойдаланувчини яқин қариндоши — ота-онаси, акаси, синглиси, турмуш ўртоғи ёки фарзанди, шунингдек, турмуш ўртоғининг қариндошлари номига расмийлаштирилган телефон орқали рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади. Ушбу истисно юридик шахслар номига расмийлаштирилган корпоратив рақамларга тааллуқли эмас.

Мажбурий биометрик тасдиқлаш фақат янги қурилмадан кириш ёки паролни тиклаш учунгина сақлаб қолинади. Картани боғлашда фойдаланувчи фақат ОТП-кодни киритиши керак бўлади, ҳолбуки аввал бунинг учун биометрия талаб этиларди.

Ҳисоб қайдномасига боғланган барча карталар янги қурилмадан кирилганда ёки парол тикланганда узиб қўйиш ўрнига нофаол ҳолатга ўтказилади. Уларни фаоллаштириш учун ОТП-код талаб қилинади.

Банклар ва тўлов ташкилотлари зарарли дастурий таъминот ёки бузилган қурилма аломатларини аниқласа, хабарнома юбориш усулини (СМС ёки пуш-хабарнома) ўзлари танлаши мумкин бўлади. Аввалги таҳрирда улар мижозларни СМС орқали хабардор қилишга мажбур эди.

Бундан ташқари, ташкилотлар ўз таваккалчиликларни бошқариш сиёсатига мувофиқ, олдиндан огоҳлантиришни талаб қиладиган операцияларни мустақил белгилаши мумкин бўлади. Бунгача ҳар қандай транзакция (жумладан, пул ўтказмалари ва хизматлар учун тўловлар) учун операцияни фирибгарлар эмас, айнан фойдаланувчининг ўзи амалга ошираётгани ҳақидаги хабарни кўрсатиш мажбурий эди.

Барча P2P-ўтказмалари учун мажбурий ОТП-код киритиш бекор қилинади. Ташкилотлар ўтказма тасдиқлашни талаб қиладиган мезонларни, шунингдек, тасдиқлашни талаб этмайдиган максимал суммани белгилаш ҳуқуқини олади.

Шу билан бирга, пул ўтказишда қабул қилувчининг исми ҳам, фамилияси ҳам қисман яширилади. Аввалги таҳрирга кўра, иловада карта эгасининг исми ва фамилиясининг биринчи ҳарфини кўрсатишга рухсат берилганди.

Қолаверса, ташкилотлар Транспорт Лаер Секуритй (ТЛС) хавфсизлик протоколининг 1.3 ёки ундан юқори версиясидан мажбурий фойдаланиш ўрнига, протоколнинг “қўллаб-қувватланадиган” версиясидан фойдаланиши мумкин бўлади.