Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 23октябр · Жума
USD 11 903,15 ▼ −62,36 EUR 13 329,15 ▼ −108,12 RUB 146,75 ▲ +0,79 GBP 15 916,89 ▼ −112,11
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

“ ‘Янги банк’ ёпилгач, омонатчиларга компенсациялар тўлиқ тўланди” — Омонатларни кафолатлаш агентлиги директори

Банк ёпилгандан кейин 11 иш куни ичида омонатчиларнинг 86 фоизига компенсация тўланган. Компенсация тўловларини амалга ошириш учун “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ агент-банк сифатида танланган.

Омонатларни кафолатлаш агентлиги 2026 йил 15 январда фаолияти тугатилган “Янги банк” АЖ омонатчиларига 207,5 млрд сўм компенсация тўлаган. Бу ҳақда 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтган медиа мулоқотда агентлик директори Улуғбек Ҳамдамов маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.

Айтилишича, банк ёпилгандан кейин 11 иш куни ичида омонатчиларнинг 86 фоизига компенсация тўланган. Компенсация тўловларини амалга ошириш учун “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ агент-банк сифатида танланган. Тугатиш комиссияси тақдим этган омонатчилар реэстри асосида зарур маблағлар агентлик томонидан агент-банкка тўлиқ ўтказилган.

“Агент-банк омонатчиларнинг 99,4 фоизига товон пулларини тўлаб берган. Ҳозир биз банкка ўтказган маблағларнинг 1,5 млрд сўмга яқини турибди. Яъни олинмай қолиб кетган компенсация пуллари. Омонатчилардан ким хоҳласа, бемалол олиши мумкин. Нимага олмаяпти, деган савол бўлади. Қолиб кетганлар сони жуда кўп. Лекин жами миқдор 1,5 млрд сўм. Бунда ўртача чекимиз ҳозир 31 минг сўмни ташкил этади. Энди бу компенсацияни олишга қулайлик яратган тақдирингизда ҳам, лекин ўзлари хоҳлаши керак”, деди агентлик раҳбари.

Маълум қилинишича, банк ёпилаётган пайтда агентлик компенсация маблағлари учун 250 млрд сўм тайёрлаб қўйган эди. Яъни ташкилот балансида ликвидлиги жуда юқори бўлган маблағлар мавжуд ҳисобланади.

Тўлов жараёнида омонатчиларга расмий веб-сайт, ижтимоий тармоқлар, колл-марказ ва манзилли SMS-хабарлар орқали тўлов усуллари ҳамда мурожаат қилиш тартиби тушунтирилган. Колл-марказда 15 мингдан ортиқ мурожаат кўриб чиқилган.

Омонатчиларга тўланган компенсациялар суммасига тенг маблағлар “Янги банк” АЖ тугатиш комиссияси томонидан агентликка тўлиқ қайтарилган.

Омонатларни кафолатлаш учун захирада қанча пул бор?

2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, агентлик тасарруфидаги Омонатларни кафолатлаш жамғармаси маблағлари 10,3 трлн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич йил бошига нисбатан 37,7 фоизга ўсган. Январь–сентябрь ойларида банклар томонидан агентликка 2,3 трлн сўм календарь бадаллари тўланган. Инвестиция фаолиятидан 977 млрд сўм даромад олинган. Мазкур қиймат эса 2025 йил йилнинг мос даврига нисбатан 42,6 фоизга кўпайган.

Октябрь ойи бошида омонатларни кафолатлаш тизими иштирокчилари реэстрида 34 та тижорат банки ва 1 та микромолия банки қайд этилган.

Жамғарма банклар тўлайдиган бадаллар ва инвестиция даромадлари ҳисобидан шакллантирилади. Маблағларни бошқаришда уларнинг сақланиши ҳамда кафолатлаш ҳодисаси юзага келганда компенсация тўловларини ўз вақтида молиялаштириш имкониятини таъминлашга устувор аҳамият берилади. Инвестиция портфелининг 91,1 фоизи давлат қимматли қоғозларига, 7,4 фоизи тижорат банклари депозитларига ва 1,5 фоизи давлат ташкилотининг қимматли қоғозларига жойлаштирилган.

Агентлик банклар тақдим этган маълумотлар асосида омонатлар гуруҳлари бўйича ўртача тортилган бозор ставкаларини ҳар ой ҳисоблаб, Марказий банк ва тижорат банкларига етказиб боради.

Январь–сентябрь ойларида миллий валютадаги омонатларнинг ўртача тортилган фоиз ставкаси 22,8 фоиздан 20,4 фоизга, яъни 2,4 фоиз пунктга пасайган.