Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказмоқда. Қамаши туманидаги Чим маҳалласи замонавий маҳалла қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб берди. Бу ерда 640 ўринли мактаб, 240 ўринли боғча қурилди, оилавий поликлиника жиҳозланди. Янги маҳалла биноси, ёшлар маркази, спорт мажмуаси ва истироҳат боғи барпо этилди.
Маҳаллада камбағал оила ҳам, ишсиз аҳоли ҳам қолмагани таъкидланди. Президент келгуси йил Мустақиллик байрамигача ушбу тажриба асосида ҳар бир туманда иккитадан замонавий маҳалла марказини ташкил этиш вазифасини қўйди.
Миришкор туманида ҳам Чим тажрибаси қўлланади. Бу ерда 20 гектарда лимончилик иссиқхоналари, яна 30 гектарда интенсив балиқчилик хўжалиги ва 50 гектарда бодом боғи ташкил этилади.
Баҳорда ижарага берилган ерларнинг 8 минг гектарида интенсив боғлар, 3 минг гектарида иссиқхоналар барпо этилади. Қолган 11 минг гектарда кооперация асосида юқори даромадли экинлар етиштирилади. Мутасаддиларга ҳар бир туманда бу ишларни бошлаш топширилди.
Президент банклар аҳоли ва тадбиркорлар лойиҳаларига ресурс етказишда амалий натижа кўрсатиши зарурлигини таъкидлади. Андижонда кредитни фақат гаровга боғламасдан, пул оқими ва аниқ буюртмага қараб ажратиш учун 20 та янги молиявий маҳсулот яратиш топширилган эди. Мазкур ёндашув Қашқадарёда ҳам натижа бериши керак.
Банклар фаолияти янги маҳсулотлар сони билан эмас, улар ёрдамида ресурс олган корхоналар ва бизнеснинг ўсиши билан баҳоланади.
Кредитлашдаги ортиқча талабларни бекор қилиш вазифаси қўйилди. Ҳозир кредит олиш учун 102 турдаги ҳужжат сўралмоқда. Шуларнинг 53 таси ахборот тизимларида мавжуд, яна 22 тасининг кредитга алоқаси йўқ.
Бу ўзгаришлар маҳаллалардаги ташаббусларни молиялаштириш ва янги иш ўринлари яратишни тезлаштириши кераклиги қайд этилди.


