Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21октябр · Чоршанба
USD 12 012,30 ▼ −32,42 EUR 13 466,99 ▼ −58,03 RUB 145,33 ▼ −0,13 GBP 16 026,81 ▼ −36,03
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда давлат тили талабларига риоя қилмаган 4 496 та реклама ва ташқи ёзув аниқланди

Рақобат қўмитаси гўзаллик салонлари, автосервислар ва қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга рекламани жойлаштириш бўйича тегишли тушунтиришлар берди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва реклама матнларини давлат тили талабларига мувофиқлаштириш чоралари кўрилган.

Ўзбекистонда давлат тилига амал қилмаган 4500 га яқин реклама ва ташқи ёзувлар аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Назорат органи томонидан жорий йил бошидан буён мамлакат бўйлаб ташқи ёзувлар, жумладан, пешлавҳалар, реклама ва бошқа эълонлар ҳамда ахборот матнларининг давлат тили талабларига мувофиқлиги юзасидан 16 057 та мониторинг ўтказилди. Натижада 4 496 та ҳолатда камчиликлар аниқланди.

Шундан 2 344 тасида пешлавҳа, ташқи ёзув ва бошқа эълонлар, 975 тасида эса ташқи рекламалар матни бошқа тилларда берилгани маълум бўлди.

Шунингдек, 841 та пешлавҳа, ташқи ёзувлар ва бошқа эълонларда, 336 та ташқи реклама воситасидаги реклама ва ахборотлари матнида луғавий маъно бузилгани ва имловий хатолар қайд этилган.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва реклама матнларини давлат тили ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш чоралари кўрилган.

Бундан ташқари, Рақобат қўмитаси гўзаллик салонлари, автосервислар ва қурилиш материаллари савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорларга рекламани жойлаштириш бўйича тегишли тушунтиришлар берди.

«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилади. Реклама мазмунининг таржимаси белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда бошқа тилларда ҳам такрорланиши мумкин.

Шунингдек, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган бошқа белгиларнинг асл шакли ва тилини сақлаш билан боғлиқ талаблар ҳам инобатга олиниши лозим.

Ташқи рекламани жойлаштиришда уларнинг мазмуни, имловий ва услубий жиҳатдан тўғри расмийлаштирилишига, шунингдек, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлигига эътибор қаратиш зарур.

Рақобат қўмитаси тадбиркорларни ташқи реклама, пешлавҳа ва ахборот кўрсаткичларини жойлаштиришда давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларга риоя этишга чақирди. Ўрганишлар давом эттирилмоқда.