Тошкент — Андижон — Тошкент йўналишида иккинчи тезюрар электропоезд қатнови йўлга қўйилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон темир йўллари шўба корхонаси Ўзтемирйўлйўловчи хабар берди.
21 октябрдан бошлаб пойтахтдан жўнайдиган 732/731-сонли поезд CRRC Dalian электропоезди билан алмаштирилади. У бешта эконом тоифадаги вагондан иборат бўлиб, 415 нафар йўловчига мўлжалланган.
Қатновлар амалдаги ҳаракатланиш кунларида қуйидаги жадвал асосида амалга оширилади:
- Тошкентдан жўнаш — 18:40, Андижонга етиб бориш — 23:12;
- Андижондан жўнаш — 07:20, Тошкентга етиб келиш — 12:12.
CRRC Dalian электропоездига техник хизмат кўрсатиш мақсадида 26-октабрдан бошлаб ҳар душанба куни 730/729-сонли Тошкент — Андижон йўналишидаги қатновлар бекор қилинади.
Бошқа йўловчи поездларининг ҳаракат жадвали ҳам ўзгаради. 21-октабрдан қуйидаги қатновларга янги жадвал жорий этилади:
- Андижон — Хива/Урганч — Андижон (125/126-сонли);
- Андижон — Термиз — Андижон (129/130-сонли);
- Андижон — Қўнғирот — Андижон (127/128-сонли);
- Қўқон — Андижон — Қўқон электр поезди (6312-сонли);
- Қўқон — Наманган — Андижон — Қўқон электр поезди (7091-сонли);
- Қўқон — Наманган электр поездлари (7093/7094-сонли).
Кейинги кунларда Тошкент ва Андижон ўртасидаги бошқа поездлар жадвали ҳам янгиланади. 22 октябрдан 97/95-сонли, 24 октябрдан 93 ва 98/94-сонли, 25 октябрдан 734 ва 92-сонли, 26 октябрдан 733-сонли ҳамда 27 октябрдан 91-сонли поездлар янги жадвал асосида ҳаракатланади.


