Тошкентда бозорлар, савдо мажмуалари ва уларга тегишли мол-мулк хатловдан ўтказилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Пойтахтдаги бозорлар ва савдо мажмуаларининг молиявий ҳолати текширилади, уларнинг мол-мулки хатловдан ўтказилиб, мавжуд муаммолар аниқланади.
Ушбу ишлар 2026−2027 йилларда пойтахтни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар доирасида амалга оширилади.
Хатлов давомида бино ва иншоотларнинг кадастр ҳужжатлари, мол-мулк рўйхати ҳамда мулкдорлар ҳақидаги маълумотлар ўрганилади.
Ноқонуний қурилмалар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади. Шунингдек, ҳудудлар чегаралари, муҳофаза зоналари ва амалдаги чекловлар текширилади. Бундан ташқари, солиқлар, мажбурий тўловлар ва бошқа мажбуриятлар бўйича қарздорлик таҳлил қилинади.
Хатлов якунлари бўйича бозорлар ва савдо мажмуалари активларидан самарали фойдаланиш, жумладан, тегишли бошқарув органлари қарорларига мувофиқ уларни очиқ савдоларга чиқариш юзасидан таклифлар тайёрланади.
Ушбу ишларда Кадастр агентлигининг шаҳар бошқармаси, туман ҳокимликлари, солиқ органлари, Муниципал активларни бошқариш маркази ҳамда Tashkent Invest компанияси иштирок этади.


