Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 21сентябр · Душанба
USD 11 839,59 ▲ +6,22 EUR 13 569,35 ▼ −8,26 RUB 140,42 ▲ +0,63 GBP 15 803,48 ▼ −17,74
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Автокредит олишдан олдин текшириш керак бўлган 7 та шарт

Автокредит танлашда фақат рекламадаги фоиз ставкасига қараш етарли эмас. Кредитнинг ҳақиқий қиймати, бошланғич тўлов, суғурта ва бошқа харажатлар, тўлов усули ҳамда кечикиш оқибатлари якунда автомобиль қанча пулга тушишини сезиларли ўзгартириши мумкин. Dinor.uz Ўзбекистон қонунчилиги асосида автокредит шартномасини имзолашдан олдин текшириш керак бўлган 7 та асосий жиҳатни жамлади.

Ўзбекистонда банк кредит беришдан олдин мижозга унинг шартлари ва қиймати ҳақида тўлиқ маълумот бериши шарт. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга кўра, банк кредитнинг нафақат номинал фоиз ставкасини, балки кредитнинг тўлиқ қийматини ҳам ошкор қилиши керак. Банк хизматининг шартлари ва қиймати ҳақидаги маълумотни мижозга беришни рад этиш мумкин эмас.

Шунинг учун автокредит танлаётганда рекламадаги «0 фоиз», «12 фоиз» ёки «20 фоиз»дан кўра қуйидаги шартларга эътибор бериш муҳим:

1. Фоиз ставкасини эмас, кредитнинг тўлиқ қийматини сўранг

Энг муҳим кўрсаткич — кредитнинг йиллик номинал фоизи эмас, унинг тўлиқ қиймати. Қонунчиликда кредитнинг тўлиқ қиймати қарз олувчининг кредит олиш билан боғлиқ тўловларини ҳисобга олган ҳолда йиллик самарали ставка сифатида белгиланади. Агар кредит олиш шарти сифатида учинчи шахсларга тўланадиган харажатлар мавжуд бўлса, улар ҳам ҳисоб-китобга киритилиши лозим.

Масалан, кредит рекламада 0 фоиз деб кўрсатилиши унинг қарз олувчи учун мутлақо харажатсиз эканини автоматик англатмайди. Мажбурий суғурта ёки кредит билан боғлиқ бошқа тўловлар мавжуд бўлса, ҳақиқий харажат ошиши мумкин.

Марказий банк талабларига кўра, жисмоний шахс кредит олаётганда банк унга кредитнинг асосий шартлари кўрсатилган ахборот варақасини тақдим этиши керак. Унда кредит суммаси, муддати, номинал ставка, кредитнинг тўлиқ қиймати, учинчи шахс хизматлари, жарима ва бошқа муҳим шартлар акс эттирилади.

Шунинг учун банкдан битта саволни аниқ сўраш фойдали: «Бу кредитнинг тўлиқ қиймати неча фоиз?» Банклар ўз сайтида ва мавжуд бўлса мобил иловасида ҳам жисмоний шахслар учун кредитнинг тўлиқ қийматини ҳисоблаш имконини яратиши лозим.

2. Бошланғич тўлов қанча ва автомобилнинг кредитдаги нархи ўзгармайдими?

Автокредитда иккинчи муҳим масала — бошланғич бадал. Амалдаги макропруденсиал талабга кўра, одатда банк берган автокредит суммаси гаровга олинаётган автомобиль қийматининг 75 фоизидан ошмаслиги керак. Бу амалда автомобиль қийматининг камида 25 фоизини бошқа манбадан қоплаш зарурати туғилишини англатиши мумкин. Шу билан бирга, банклар автокредит портфелининг чекланган, кўпи билан 15 фоизлик қисмида бу меъёрдан истисно қўллаши мумкин.

Аммо фақат бошланғич бадал фоизига қараманг. Автосалондан иккита нархни сўранг: нақд пулга автомобиль қанча; кредитга олинганда қанча? Масалан, «0 фоизли кредит» таклиф қилинаётган автомобиль нақд харидда арзонроқ бўлса, харидор фоиз тўламаса ҳам чегирмадан воз кечиш ҳисобига қўшимча харажат қилиши мумкин. Шунинг учун автомобилни кредитга олишдаги жами харажатни нақд харид нархи билан солиштириш зарур.

3. Аннуитетми ёки дифференциал тўловми?

Бир хил сумма, бир хил муддат ва бир хил фоиз ставкасидаги икки кредит бўйича ҳам жами фоиз харажати бир хил бўлмаслиги мумкин. Сабаби — тўлов усули. Ўзбекистонда кредит шартномасида асосий қарз ва фоизларни тўлаш усули аннуитет ёки дифференциал экани томонларнинг келишувига кўра кўрсатилиши керак.

Аннуитет усулида одатда ойлик тўловлар деярли бир хил бўлади. Дастлабки даврларда тўловнинг каттароқ қисми фоизларга кетиши мумкин. Дифференциал усулда эса асосий қарз тенгроқ қисмларда камаяди. Шу сабаб дастлабки тўловлар юқорироқ, кейинчалик эса пасайиб боради.

Кредитни танлашда фақат: «Ойига қанча тўлайман?» деб эмас, «Кредит тугагунча жами қанча фоиз тўлайман?» деб ҳам сўраш лозим. Банк қарз олувчига тўлов саналари, миқдори ва таркиби кўрсатилган тўлов жадвалини тақдим этиши керак.

4. Суғурта, баҳолаш ва бошқа қўшимча харажатларни аниқланг

Автокредит билан бирга бошқа хизматлар ҳам талаб қилиниши мумкин. Масалан, суғурта ёки бошқа учинчи томон хизматлари.

Агар бундай тўлов кредит олиш шартидан келиб чиқса, у кредитнинг тўлиқ қийматини ҳисоблашда инобатга олиниши зарур. Марказий банк қоидаларида кредитнинг тўлиқ қийматини ҳисоблашда суғурта харажатлари ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, банкнинг мижозни ўзининг ёки бошқа учинчи шахснинг қўшимча пулли хизматидан фойдаланишга мажбурлаши истеъмолчи ҳуқуқларини бузувчи амалиёт сифатида баҳоланади.

Шартнома олдидан қуйидагиларни аниқлаш керак: Суғурта мажбурийми? Унинг нархи қанча? Ҳар йили қайта тўланадими? Бошқа қандай хизматлар учун пул тўланади? Айнан шу харажатлар айрим ҳолларда паст фоизли кредитнинг афзаллигини камайтириши мумкин.

5. Кредитни олдинроқ ёпиш мумкинми?

Бу автокредит танлашда энг кўп эътибордан четда қоладиган шартлардан бири. Марказий банк талабларига кўра, кредит шартномасида истеъмолчининг кредитни исталган вақтда жарима санкцияларисиз муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқи назарда тутилиши лозим.

Банк кредитни муддатидан олдин ёпганлик учун алоҳида “неустойка” ундирмаслиги керак. Бундай ундириш учун банкларга нисбатан санкциялар ҳам назарда тутилган. Агар кредит қисман муддатидан олдин тўланса ва натижада кейинги тўловлар миқдори ёки муддатлари ўзгарса, банк янги тўлов жадвалини расмийлаштириб, қарз олувчига бериши зарур.

Шунинг учун кредит олаётганда: «Қўшимча пул топсам, асосий қарзни олдиндан тўласам бўладими ва бунда янги жадвал қандай ҳисобланади?» деган саволни бериш керак.

6. Бир кун кечиксангиз нима бўлади?

Кредитни олишдан олдин тўлов жадвалига қараш одатий. Аммо тўлов кечикса нима бўлишини ҳам олдиндан билиш лозим. Банк тақдим этадиган ахборот варақасида қарздорлик ўз вақтида тўланмаганда қўлланиладиган жарима, пеня ёки оширилган фоиз ставкаси алоҳида кўрсатилиши зарур. Банк истеъмолчига мажбурият бажарилмаса харажатлар ошиши, жарима ва пенялар қўлланиши мумкинлиги ҳақида ҳам олдиндан маълумот бериши шарт.

2026 йилдан яна бир талаб амал қилмоқда: кредит бериш бўйича ижобий қарор чиқиб, шартнома имзоланишидан олдин банк жисмоний шахсга кредит билан боғлиқ эҳтимолий хавфлар кўрсатилган махсус чек-лист бериши шарт. Мижоз ундаги барча бандлар билан танишганини тасдиқламагунча шартномани расмийлаштириш мумкин эмас.

Шунинг учун «тўловни бир неча кун кечиктирсам нима бўлади?» деган савол уятли эмас. Аксинча, кредит олишдан олдин жавоби аниқ бўлиши керак бўлган савол.

7. Ойлик тўлов даромадингизнинг қанча қисмини эгаллайди?

Банк кредитни маъқуллагани кредит сиз учун албатта қулай бўлади, дегани эмас. Амалдаги талаблар бўйича жисмоний шахсларга бериладиган кредитларда қарзга хизмат кўрсатишнинг даромадга нисбати, умумий қоида сифатида, 50 фоиздан ошмаслиги керак. Айрим қонунчиликда назарда тутилган истиснолар мавжуд.  Яъни банк қарз олувчининг мавжуд кредитлари ва янги кредит бўйича тўловларини унинг даромади билан солиштиради.

Бироқ 50 фоиз — «одам даромадининг ярмигача кредитга бемалол сарфлаши мумкин» дегани эмас. Масалан, ойлик даромаднинг катта қисми автокредитга кетадиган бўлса, ижара, озиқ-овқат, коммунал тўловлар, таълим, тиббиёт ва фавқулодда харажатлар учун молиявий захира камаяди.

Марказий банк қоидаларининг ўзи ҳам банклардан мижозни ишини йўқотиш, даромади камайиши ёки соғлиғи ёмонлашиши каби ҳолатлар кредитни қайтаришга таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришни талаб қилади. Шу сабаб кредит олишдан олдин фақат бугунги маошни эмас, даромад вақтинча камайган тақдирда ҳам кредитни тўлаш имкониятини ҳисоблаш зарур.

Шунинг учун банк ёки автосалонда шартномани биринчи кўрган заҳоти имзолаш шарт эмас. Уни олиб, кредитнинг тўлиқ қиймати, тўлов жадвали, қўшимча харажатлар, суғурта, жарима ва муддатидан олдин ёпиш шартларини яна бир бор кўриб чиқиш мумкин.

«0 фоизли автокредит» ҳақиқатан яхши таклиф бўлиши мумкин. Аммо фоиз ставкасининг ўзи кредит арзон ёки қимматлигини тўлиқ кўрсатмайди.

Автомобиль сотиб олишдан олдин камида еттита саволга жавоб бўлиши керак: кредитнинг тўлиқ қиймати қанча, бошланғич бадал қанча, тўлов усули қандай, мажбурий қўшимча харажатлар борми, муддатидан олдин ёпиш шарти қандай, кечикиш қанча туради ва ойлик тўлов оилавий бюджетга қанчалик оғирлик қилади?

Шундан кейингина бир банкнинг «0 фоизли» таклифини бошқа банкнинг, масалан, 15 ёки 20 фоизлик кредити билан тўғри таққослаш мумкин.

Материал 2026 йил сентабр ҳолатидаги Ўзбекистон қонунчилиги асосида тайёрланди.