10 сентябрь куни Тошкент—Андижон—Тошкент йўналишида Хитойнинг CRRC-Dalian компанияси ишлаб чиқарган электропоезд қатнови бошланди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
730-сонли электропоезд соат 09:20 да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан Андижон йўналишида илк қатновини амалга оширди. Поезд Ангрен, Поп, Қўқон ва Марғилон бекатлари орқали ҳаракатланиб, соат 13:35 да Андижон вокзалига етиб борди.
Янги электропоезд 4 та вагондан иборат бўлиб, 357 нафар йўловчига мўлжалланган. Нарх эса бир томонга 268 190 сўмни ташкил этади.
Йўл вақти тўртта оралиқ бекатни ҳисобга олган ҳолда 4 соат 15 дақиқани ташкил этади. Ҳокимлик аввал ушбу йўналишда поезд сафарлари 6−7 соатгача давом этганини таъкидлади.
Қатновнинг йўлга қўйилиши Тошкент ва Андижон ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш, йўловчиларга қулайлик яратиш ҳамда ҳудуднинг туризм салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Август ойида Тошкент ва Андижон ўртасида синов тарзида тезюрар поезд ҳаракати йўлга қўйилганди. Хитойдан олиб келинган поезд 160 км/соат тезликда ҳаракатланиб, Тошкентдан Андижонгача бўлган масофани қарийб 3 соатда босиб ўтади.


