Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 22октябр · Пайшанба
USD 11 965,51 ▼ −46,79 EUR 13 437,27 ▼ −29,72 RUB 145,96 ▲ +0,63 GBP 16 029,00 ▲ +2,19
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистон августда 8 тонна олтин сотиб олди — Жаҳон олтин кенгаши

Ёзнинг сўнги ойида мамлакат дунёдаги энг йирик олтин харидорлари учлигига кирди. Захиралар саккиз ойда 50 тонна қимматбаҳо металл билан бойиган.

Жорий йил август ойида Ўзбекистон Марказий банки 8 тонна олтин харид қилди. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши маълумот берди. Январь–август ойларида регуляторнинг умумий олтин харидлари 50 тоннага етиб, захиралар ҳажми сезиларли ортган.

“Ҳозирда олтин Ўзбекистон валюта захираларининг 90 фоизини, яъни тахминан 439 тоннани ташкил этади”, дейилади таҳлилда.

Август ойида дунёда энг кўп олтин сотиб олган давлат Хитой бўлган — 20 тонна. Йил бошидан бери эса мамлакат захиралари 80 тоннага ортган. Натижада Хитойнинг жами расмий олтин захиралари ҳажми қарийб 2387 тоннани ташкил этган.

Августда Польша Марказий банки 8 тонна, 2026 йил бошидан бери эса 98 тонна олтин сотиб олган. Қозоғистон Миллий банки ёзнинг сўнги ойида 7 тонна, январдан буён 36 тонна қимматбаҳо металл харид қилган. Шу билан Қозоғистон умумий олтин захиралари ҳажми 377 тоннага етган.

Маълумот учун, сўнгги вақтларда Ўзбекистон олтин экспортини қисқартириши фонида захира ҳажми сезиларли ошиб бормоқда. 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, мамлакат захирасида 14,3 миллион унция (444,8 тонна) олтин сақланмоқда. Мазкур ҳажм январь ойи бошида 12,6 миллион унция (391,9 тонна) эди. Тўққиз ой давомида қимматбаҳо металл ҳажми қарийб 52,3 тоннага кўпайган. Бироқ Жаҳон олтин кенгаши ҳали сентябрдаги рақамларни очиқламаган.

Ўзбекистонда икки йирик корхона — Навоий ва Олмалиқ кон металлургия комбинатлари олтин қазиб олади. Мамлакат Марказий банки улардан қимматбаҳо металлни сотиб олувчи ягона харидор бўлиб, харид қилинган олтинларни зарур пайтда сотиш ҳуқуқига эга.