Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24ноябр · Сешанба
USD 12 002,93 ▼ −1,55 EUR 13 156,41 ▲ +0,70 RUB 146,74 ▲ +0,18 GBP 15 721,44 ▲ +0,37
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Муддатли тўловга савдо қилувчи айрим ташкилотлар Марказий банкда рўйхатдан ўтиши мажбурий бўлади

Чораклик савдо айланмаси 500 млн сўмдан ошган ва унинг камида 50 фоизи бўлиб-бўлиб тўлаш хизматига тўғри келадиган ташкилотларга янги талаб қўйилиши мумкин. Белгиланган мезонларга жавоб берадиган ташкилотнинг рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши низом талабларини бузиш ҳисобланади.

Ўзбекистонда муддатли тўлов асосида товар ва хизматлар сотувчи ташкилотларни Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтказиш тартиби жорий этилиши кутилмоқда. Марказий банк ишлаб чиққан тегишли қарор лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Лойиҳага кўра, ҳисобот чораги якунида савдо айланмаси 500 млн сўмдан ошган ва унда бўлиб-бўлиб тўлаш хизматининг улуши 50 фоиз ёки ундан юқори бўлган ташкилотлар Марказий банкда рўйхатдан ўтиши шарт бўлади. Мазкур талаб ишлаб чиқарувчи корхоналарга татбиқ этилмайди.

Белгиланган мезонларга жавоб берувчи ташкилотлар ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20-кунидан кечиктирмай Марказий банкка ариза ва тегишли ҳужжатларни тақдим этиши керак.

Ҳужжатга мувофиқ, муддатли тўлов хизматини кўрсатиш ҳуқуқи ташкилот Марказий банк юритадиган махсус реестрга киритилганидан кейин юзага келади. Банклар ва микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш орқали, бошқа юридик шахслар эса ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали реестрга киритилади.

Ташкилотларни аниқлашда Солиқ қўмитаси электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн касса чеклари асосидаги маълумотларни Марказий банкка тақдим этади. Марказий банк ушбу маълумотларни таҳлил қилади.

Белгиланган мезонларга жавоб берадиган ташкилотнинг рўйхатдан ўтмасдан фаолият юритиши низом талабларини бузиш ҳисобланади. Қарор лойиҳаси 2027 йил 1 январдан кучга кириши назарда тутилган. Ҳужжат 1 декабрга қадар жамоатчилик муҳокамасида бўлади.

Ўзбекистонда 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Бу ҳақда президентнинг “Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланганди.

Қарорга кўра, муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахс (банклар ва микромолия ташкилотлари бундан мустасно) муддатли тўлов хизмати оператори деб эътироф этилади. Юридик шахсларнинг муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи Марказий банк томонидан шакллантириладиган Муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилгандан сўнг вужудга келади.