Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24ноябр · Сешанба
USD 12 002,93 ▼ −1,55 EUR 13 156,41 ▲ +0,70 RUB 146,74 ▲ +0,18 GBP 15 721,44 ▲ +0,37
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Марказий банк янги банкноталар қийматини иш ҳақи ва бозордаги нархлар асосида белгилайди

Банкнот ва тангаларнинг дизайни Марказий банк ҳамда Давлат белгиси корхонаси томонидан ишлаб чиқилади. Марказий банк бу борада аҳоли ўртасида сўровномалар ҳам ўтказиши мумкин.

Фото: Марказий банк

Адлия вазирлиги банкларда нақд пул муомаласини ташкил этиш бўйича Марказий банк йўриқномасини давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2027 йил 19 февралдан кучга киради. Йўриқномага кўра, нақд пул муомаласини самарали ташкил этиш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлар учун нақд пулда ҳисоб-китоб қилиш ва тўловларни амалга оширишни қулайлаштириш мақсадида Марказий банк турли номиналдаги банкнот ва тангаларни муомалага чиқаради.

Пул белгиларининг номинал қийматлари ўртача иш ҳақи, чакана бозорлардаги истеъмол ва маиший товарлар нархлари ҳамда нақд пульсиз ҳисоб-китоблар тизимининг ривожланиш даражасидан келиб чиқиб белгиланади. Зарур ҳолларда аҳолининг муайян номиналдаги пул белгиларига бўлган талаби ҳам ўрганилади.

Банкнот ва тангаларнинг дизайни Марказий банк ҳамда Давлат белгиси корхонаси томонидан ишлаб чиқилади. Марказий банк бу борада аҳоли ўртасида сўровномалар ҳам ўтказиши мумкин. Пул белгиларининг намуналари ва дизайни Олий Мажлис Сенати Кенгаши билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Янги пул белгиларида номинал қиймат, Марказий банк номи, дизайн ва намуна тасдиқланган йил, шунингдек, давлат герби ёки байроғи тасвири ҳамда қалбакилаштиришдан ҳимояловчи элементлар бўлиши шарт. Банкнотларда бундан ташқари номинал қиймат ёзув билан ҳам кўрсатилади, серия ва рақам жойлаштирилади.

Пул белгиларидаги ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилади. Уларда тасвирланган бино, иншоот ва бошқа объектларнинг номлари ҳам кўрсатилиши лозим. Банкнотларнинг номинал қиймати ошгани сари уларнинг ҳимояланганлик даражаси ҳам кучайтирилади.

Шунингдек, Марказий банк Ўзбекистон ҳудудидаги исталган пул белгисини муомаладан чиқариш ҳуқуқига эга. Бунда айирбошлаш тартиби ва муддати олдиндан эълон қилинади. Белгиланган муддат тугагач, айирбошланиши керак бўлган пул белгилари қонуний тўлов воситаси сифатидаги кучини йўқотади.