Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 24ноябр · Сешанба
USD 12 002,93 ▼ −1,55 EUR 13 156,41 ▲ +0,70 RUB 146,74 ▲ +0,18 GBP 15 721,44 ▲ +0,37
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Октябрда сўмдаги омонатлар даромадлилиги яна бироз пасайди

Аҳоли учун мўлжалланган омонатларнинг даромадлилиги кетма-кет учинчи ой 18,4 фоиз даражасида сақланиб қолди. Бироқ йиллик ҳисобда 2,5 фоизга пасайган.

Октябрь ойида миллий валютадаги омонатлар бўйича фоиз ставкалари яна пасайишни бошлади. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.

Сўмдаги омонатларнинг ўртача даромадлилиги 17,1% ни ташкил этди. Бу аввалги ойга нисбатан 0,1 фоиз бандга кам. Сўнгги бир йил ичида ушбу кўрсаткич 1,9% га пасайган.

Бир йилгача бўлган муддатли омонатлар бўйича ставкалар 15,2% гача ошди. Бу сентябрь ойига нисбатан 1% га кўп бўлсада, ўтган йилги кўрсаткичдан 2,4% га паст. Узоқ муддатли омонатларнинг даромадлилиги эса 17,7% гача тушди. Бу ойлик ҳисобда 0,4% га, йиллик ҳисобда эса 1,8% га камайган.

Аҳоли учун мўлжалланган омонатларнинг даромадлилиги кетма-кет учинчи ой 18,4% даражасида сақланиб қолди. Бироқ йиллик ҳисобда 2,5% га пасайган. Қисқа муддатли депозитлар бўйича ставкалар кескин ошиб, 17,4% га етди (+1,8% ой давомида). Узоқ муддатли омонатлар бўйича эса 18,6% гача пасайди (-0,2%).

Инфляцион кутилмалар чегириб ташланганидан кейинги реал даромадлилик ставкаси 8,5% гача пасайди. Бу cентябрь ойига нисбатан 0,4% га кам. Шунга қарамай, ушбу кўрсаткич ўтган йилги даражадан 0,3% га юқори бўлиб қолмоқда.

Юридик шахслар учун омонатлар ўртача 15,7% ставкада таклиф этилмоқда. Бу аввалги ойга нисбатан 0,7 фоиз бандга кўп, бироқ ўтган йилга нисбатан 1,4% га кам.

Бир йилгача бўлган муддатли депозитлар даромадлилиги 14,2% ни (+0,9% ой давомида), бир йилдан ортиқ муддатга жойлаштирилган омонатларники эса 16,5% ни (+0,4%) ташкил этди. Шу билан бирга, ҳар иккала кўрсаткич ҳам 2025 йил октабр ойидаги даражадан мос равишда 2,1 ва 1% га паст.

Бошқа томондан, бизнес учун мўлжалланган омонатларнинг реал даромадлилик ставкаси кутилаётган инфляциянинг пасайиши ҳисобига рекорд даражага — 6,6% га етди. Бу центабр ойига нисбатан 1,3% га кўп.

Валютадаги омонатлар сегментида фоиз ставкалари сентябрь ойидаги пасайишнинг бир қисмини тиклаб, 4,9% га етди. Шунга қарамай, бу кўрсаткич ўтган йилги даражадан 0,2% га паст. Қисқа муддатли ҳисобварақлар бўйича ўртача ставка яна ошиб, 3% ни ташкил этди.

Жисмоний шахслар учун таклиф этилаётган валюта омонатларининг ўртача даромадлилиги 5,3% ни ташкил этди (-0,1% ой давомида). Бунга, асосан, узоқ муддатли омонатлар сегментида ставкаларнинг 5,6% гача пасайиши сабаб бўлди.

Шу билан бирга, бизнес учун мўлжалланган валюта омонатлари бўйича ставкалар яна кескин ошиб, 4,3% га етди. Бу сентябрь ойига нисбатан 1,5% га юқори.