Ўзбекистондаги банклар соф фойдаси бир йилда 5 трлн сўмга ортди (68 фоиз). Бу ҳақда Марказий банк ҳисобот берди.
2026 йил январь—июль ойларида мамлакатдаги тижорат банкларининг соф фойдаси 12,33 трлн сўмга етди. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос даврида 7,33 трлн сўм бўлганди.
Таҳлилга кўра, банкларнинг асосий даромад манбаи ажратган кредитлари фоизидан келмоқда. Хусусан, етти ойлик фоизли даромадлар 84,4 трлн сўм бўлган (бир йил илгари 71,4 трлн сўм). Ўз навбатида фоизли харажатлар қиймати 60, 8 трлн сўмни ташкил этган (бир йил олдин 49,8 трлн сўм). Фоизли маржа эса 23,6 трлн сўм бўлган.
Қайд этилишича, январь—июль ойларида банклар фоизсиз даромадлари 61,5 трлн сўмга етган (йиллик ўсиш 20 трлн сўм). Фоизсиз харажатлар эса 20,3 трлн сўмни ташкил қилган.
2026 йил 1 август ҳолатига кўра, банклардаги депозитлар қиймати 482,7 трлн сўмга етди. Мазкур кўрсаткич 2025 йил мос даврида 360,4 трлн сўм эди. Бунда йиллик миқдор қарийб 122 трлн сўмдан зиёдга (34 фоиз) кўпайган. Банк тизими ажратган кредит қолдиғи эса 644,6 трлн сўм (бир йил олдингидан 68,4 трлн сўмга ортган).


