Марказий банк бошқаруви 3030-сон низом билан банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатларда тижорат банкларига қўйиладиган минимал талабларга ўзгартириш киритди.
Унга кўра, агар банк ва мижоз ўртасидаги шартномада кредит ва (ёки) кафиллик тўловларини мижознинг топшириғисиз банк карталаридан ечиб олиш назарда тутилган бўлса, банк мижознинг барча карта ҳисобварақларида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ярмини сақлаб қолиши шарт.
Яъни, банк кредит қарзини автоматик равишда ечиб олганда, мижознинг карталарида белгиланган миқдорда маблағ қолиши керак.
2026 йил 1 сентябрдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 млн 360 минг сўм этиб белгиланган. Агар бу миқдор янги талаб кучга киргунга қадар ўзгармаса, банк кредит тўловини мижознинг топшириғисиз ечиб олганида унинг карта ҳисобварақларида камида 680 минг сўм қолиши керак бўлади.
Марказий банк бошқарувининг қарори расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради. Келтирилган маълумотга кўра, янги талаб 2027 йил 10 январдан амал қила бошлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда банк карталаридан маблағларни акцептсиз ечиб олишда минимал қолдиқ миқдори жорий этилгани апрелда маълум қилинганди. Хусусан, Uzcard тўлов тизими 15 апрелдан бошлаб молиявий ташкилотлар томонидан кредитлар, муддатли тўловлар (рассрочка), микроқарзлар ва бошқа мажбуриятлар ҳисобига маблағларни акцептсиз ечиб олишда картада камида БҲМнинг 3 баравари миқдори (1 млн 236 минг сўм) қолиши шарт эканини хабар берганди.


